Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия раиси Танзила Нарбаева иштирок этди.

Сенат Раиси ўз нутқида сўнгги йилларда мамлакатда барча соҳаларда чуқур ва тизимли ислоҳотлар амалга оширилгани, айниқса меҳнат муносабатлари ва мажбурий меҳнатни бартараф этиш йўналишидаги ўзгаришлар тарихий аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Анжуманда 2024–2025 йилларда «Better Cotton Initiative» томонидан амалга оширилган асосий ислоҳотлар — сертификатлаш тизимига тўлиқ ўтиш, регенератив қишлоқ хўжалиги стандартларининг янги босқичга кўтарилиши, BCI нинг янгиланган лейблининг жорий этилиши ҳамда Ўзбекистон бўйича мустақил мониторинг натижалари тақдим этилди.

Тадбирда таъкидланганидек, ўзбек пахтасига нисбатан «Cotton Campaign» халқаро коалицияси томонидан қўлланилган бойкотнинг бекор қилиниши - Ўзбекистонда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларнинг халқаро миқёсдаги энг йирик эътирофларидан биридир.

Шунингдек, Ўзбекистон ва халқаро ҳамкорлар ўртасидаги муносабатлар «мониторинг ва назорат» босқичидан «тўлиқ ишончга асосланган шериклик» босқичига ўтганини алоҳида қайд этилди.

Мамлакатда ҳар йили Давлат меҳнат инспекцияси, Касаба уюшмалари Федерацияси, мустақил экспертлар ва фуқаролик жамияти ташкилотлари иштирокида кенг кўламли мониторинг ўтказилиши давом эттирилаётгани маълум қилинди.

Сенат Раиси Ўзбекистоннинг BCI, халқаро ташкилотлар, йирик глобал брендлар ва сертификатлаштириш институтлари билан ҳамкорлиги изчил кенгаяётганини таъкидлади.

Шу билан бирга, соҳада кенг кўламли модернизация амалга оширилгани ва кластерлар учун янги имкониятлар яратилганини таъкидланди.

Таъкидланганидек, ушбу ўзгаришлар кластерларнинг «даладан — тайёр маҳсулотгача» тўлиқ занжир асосида самарали ишлашини таъминлаб, Ўзбекистоннинг жаҳон бозорига интеграциясини сезиларли даражада кучайтирмоқда.

BCI сертификати Ўзбекистон миллий тўқимачилик маҳсулотларининг жаҳон бозорига кенг кириб бориши ва глобал брендлар билан ҳамкорлик имкониятларини яна-да ошираётгани алоҳида таъкидланди.

Анжуман якунида иштирокчи томонлар ўртасида Ўзаро англашув меморандуми ва келгусидаги фаолият учун «йўл харитаси» имзоланди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.