Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 февралдаги “Давлат активларини хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6167-сон Фармонига мувофиқ, мазкур соҳадаги корхоналарни хусусийлаштиришдаги жаҳон тажрибаси ҳамда Актив фаолиятининг комплекс таҳлиллари (due-diligence), шунингдек, хусусийлаштириш бўйича маслаҳатчи тавсияларига асосан 63,4 фоиз давлат улуши яхлит тарзда рақобат тамойиллари асосида оммавий танлов йўли билан сотилди.

Бунда “UzAssets investitsiya kompaniyasi” АЖ ("UzAssets") томонидан энг мақбул таклифларни танлаб олиш  асосида Grant Thornton халқаро компанияси хусусийлаштириш бўйича консультант сифатида жалб этилган ва “Dentons” халқаро юридик компанияси ҳуқуқий кўмаклашган. Мазкур хусусийлаштириш доирасида консультантларнинг фаолиятлари "UzAssets" томонидан мувофиқлаштирилган.

"UzAssets" ва Агентлик расмий сайтларидаги 2021 йил 29 декабрь куни сотиш жараёнлари бошланганлиги тўғрисидаги эълонга мувофиқ, Консультант томонидан барча талабгорларнинг сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризалари қабул қилинган.

Шунингдек, Консультант томонидан лойиҳалаш, қурилиш ҳамда газ ва нефт маҳсулотларини ташиш хизматларини кўрсатувчи 28 та маҳаллий ва хорижий компанияларга Жамият фаолияти тўғрисидаги инвестиция тизерлари юборилган.

Мазкур активни сотиб олиш бўйича Консультант томонидан бир қатор маҳаллий талабгорларнинг қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризалари қабул қилинган ва рақобат муҳити таъминланган.

Юқоридагиларни ҳамда таклиф этилган нарх бошқа талабгорлар томонидан таклиф этилган нарх қийматидан ҳамда Консультант ва мустақил баҳолаш ташкилотининг баҳолаган нарх қийматидан юқори эканлигини инобатга олиб, “Prime Tower Group” МЧЖ оммавий танлов ғолиби деб топилди. Шунга кўра, эндиликжа Давлат активларини бошқариш агентлиги ва мазкур талабгор ўртасида Битим бўйича юридик мажбурий ҳужжатларни расмийлаштириш ишлари амалга оширилади.