Ўзбекистон Миллий университети ва Ички ишлар вазирлиги академияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Меморандум психология йўналишини ривожлантиришга қаратилган. Психология ички ишлар тизимида қанчалик аҳамиятли бўлса, таълим тизимида ҳам энг долзарб йўналишлардан ҳисобланади. Бу борада Ўзбекистон Миллий университетида салоҳиятли, етук кадрлар ва кучли илмий база бор. Илмий-амалий психологиядаги бу ҳамкорлик психология илмининг ривожланиши, назария ва амалиётнинг интеграциясига асос бўлади.
Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Миллий университетининг Ички ишлар вазирлиги академияси билан ҳамкорлиги психологик хизматнинг ҳуқуқий жиҳатларини очишда, аҳолининг психологик ва юридик саводхонлигини оширишда катта аҳамиятга эга.
Жумладан, таълим тизимининг барча босқичида ёшларнинг психологик ҳолати диагностикасига ихтисослашган психолог кадрлар ҳамда ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқаришни амалга оширадиган ягона тузилманинг шаклланиши, психологик хизматлар фаолияти самарадорлигининг юқори даражага кўтариш масалалари меморандумда ўз аксини топган.
Тадбирда давлат таълим стандартларига жавоб берадиган юқори малакали кадрларни тайёрлашда назарий ва амалий ҳамкорлик муҳимлиги қайд этиб ўтилди. Бундан ташқари, ҳамкорлар психология йўналиши бўйича ўзаро бир-бирларига услубий ёрдам кўрсатиш, масофавий таълим тизимини жорий қилиш, психология фанининг ютуқларини таълимга ва амалиётга тадбиқ қилишда доимий мулоқотда бўлишлари меморандумда ўз аксини топди.
— Тадбир давомида ўзаро ҳамкорликда давлат грантлари лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишда иштирок этиш, бакалавриат ва магистратура йўналишида таҳсил олаётган талаба, тингловчи ҳамда курсантларнинг амалий стажировкаларини ташкил этиш, битирув-малакавий ишлари ва магистрлик диссертацияларига раҳбарлик қилишдаги ҳамкорлик борасида ҳам келишиб олдик, — дейди психология фанлари доктори, профессор, психология кафедраси мудири Дилбар Муҳаммедова. — Келгусида академияда замонавий психологик марказни ташкил қилиш, уни замонавий техник воситалар билан таъминлаш, очиқ дарслар ва маҳорат машғулотларини ўтказиш, ўзаро ҳамкорликда хориж тажрибасини ўрганиш, хорижий услубий-диагностик методикаларни ҳамкорликда стандартлаштириш, диагностик тадқиқотлар олиб бориш, услубий-методик жамланмалар фондини яратиш, кадрларининг малакасини ошириш, илмий-методик, илмий тадқиқот ишларини амалга ошириш мақсадида тажриба алмашиш, илмий салоҳиятни бойитиш ҳамда илмий-техникавий ва интеллектуал имкониятларни бирлаштириш, психология соҳасида энг долзарб муаммоларни ҳал қилишга қаратилган ўзаро учрашувлар, симпозиумлар, семинарлар ва конференцияларда томонлар иштироки борасида ҳам фикр-мулоҳазалар алмашдик. Университетимизнинг психология кафедраси профессор-ўқитувчилари ҳам ўқув жараёнлари, амалий машғулотларни ўтишда ҳам ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирдик.
Психология йўналишига оид манфаатли ахборотлар, ўқитиш дастурлари, илмий тадқиқот материаллари, ўқитиш ва тадқиқот ишларининг методологик адабиётларини чоп этиш соҳасида ҳам фикр-мулоҳазалар алмашилди. Ҳамкорликдаги илмий тадқиқотлар алоҳида дастур, режа ва йўл хариталари доирасида амалга оширилиши қайд этилди.
Тадбирда ИИВ академияси бошлиғи генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов, ЎзМУ ректори, профессор Авазжон Мараҳимов иштирок этди. Тадбир сўнгида ЎзМУ ректори “Ички ишлар академияси” кўкрак нишони билан тақдирланди.