Айни пайтда “Ўзсувтаъминот” аксиядорлик жамияти ва унинг тизим ташкилотларида 22 617 ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Уларнинг касбий малакасини ошириш учун самарали ишлар амалга ошириляпти. Хусусан, жорий йилнинг февраль-март ойларида ҳудудлар кесимида иқтисод, эксплуатация, техника хавфсизлиги бўйича 292 мутахассиснинг малакасини ошириш мақсадида ўқув-семинарлари ва амалий машғулотлар ташкил этилган. Йил охиригача барча ҳудудий сув таъминоти ташкилотларининг яна 2000 ходимини ўқитиш режалаштирилган.
Шунингдек, март-апрель ойларида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академиясида “Ўзсувтаъминот” АЖ тасарруфидаги ҳудудий сув таъминоти корхоналарининг 32 нафар раҳбар ва ходимлари учун “Ичимлик суви таъминоти ва канализация соҳасида замонавий бошқарув” мавзусида ўқув курслари ўтказилди.
Айни кунларда эса ташкилотларда меҳнат килаётган 660 нафар лаборатория ходимлари аттеттациядан ўтказилмоқда. Маҳаллий мутахассисларни дунё тажрибасида қўлланилаётган замонавий технологиялар билан таништириш ва уларнинг малакасини ошириш мақсадида Латвиянинг “Cleantech Latvia” Корея Республикасининг “K-Water” Франциянинг “Suez” компаниялари ва бошка хорожий ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Бундан ташқари, кадрлар бўйича юртимиздаги олий таълим муасассалари билан ҳам шартномалар имзоланган.
– Биз “Ўзсувтаъминот” АЖ билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Бизнинг Экология ва сув ресурсларини бошқариш кафедрамиз ичимлик суви масалалари билан шуғулланади. Сув таъминоти муҳандислик тизимлари бўйича янги йўналиш ҳам очганмиз. Бу йил биринчи битирувчиларимиз чиқади. Уларнинг 100 фоизини ушбу АЖга ишга жойлаштириш бўйича шартнома имзолаганмиз – дейди ТИҚХМММТУ ректори Б.Мирзаев.
Анжуманда Жамият раҳбарияти ва мутасаддилари халқаро молия институти вакиллари, маҳаллий ОТМ ректорлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбир сўнгида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Улуғбек Камолов,
ЎзДЖТУ талабаси