Кейинги йилларда мамлакатимизнинг бой тарихи, маънавий, маданий меросига бағишланган кўргазмалар тобора ортиб бораётгани барчамизни бирдек қувонтиради. 

23 ноябрь куни бўлиб ўтадиган кўргазмада ҳозирги Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудидан ўтган Буюк Ипак йўли ҳақида ҳикоя қилиниб, унда қарийб икки минг йиллик даврни қамраб олувчи 169 та экспонат, жумладан, Ўзбекистоннинг 16 та музейидан 138 дона осори-атиқа, шунингдек, дунёнинг етакчи музейларидан 31 та музей ашёси намойиш этилади.

Кўргазмада намойиш этилаётган экспонатлардан бири — Буддавийлар ибодатхонасидаги Кушон шаҳзодасининг боши. У 1937 йилда Сурхондарё вилояти ҳудудида бўлган Кушон подшолиги даврида ташкил этилган Далварзинтепа шаҳарчаси яқинида археологик қазишмаларда топилган.

Афросиёб расмлари 1965 йилда кашф этилган. Сурат тахминан VI аср охирлари VIII аср бошларига тегишли. Самарқанд ихшиди (ҳукмдори) Вархуман саройидан топилган.

Далварзинтепадаги  буддавийлар ибодатхонасидан топилган Бодхисаттва ҳайкали эса эрамизгача бўлган II-III асрга тегишли экспонат ҳисобланади.

Ўйлаймизки, мазкур кўргазма францияликларнинг Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурларини янада бойитишга хизмат қилади.