Шу муносабат билан мазкур ижод масканининг очилиш маросимини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш мақсадида журналистлар учун пресс-тур ҳам ташкил этилди.
Тадбирда давлат ва жамоат вакиллари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Тошкент вилоят ҳокимлиги, “Ўзавтосаноат” АЖ, таниқли ижодкорлар, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари иштирок этди.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 декабрь куни Тошкент шаҳрида барпо этилган Адиблар хиёбонига ва А.Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига ташрифи давомида берган топшириқларида, шунингдек, “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 5 апрелдаги қарорида Тошкент вилоятида “Паркент ижод уйи”ни қуриб фойдаланишга топшириш вазифаси берилган эди. Ушбу муҳташам иншоот “Ўзавтосаноат” АЖ томонидан қуриб битказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувахитов, Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаевнинг табриги эшитилди. Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саидов, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир бугунги Янги Ўзбекистондаги адабий ислоҳотлар ҳақида гапириб ўтишди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда барча соҳалар қатори миллий адабиётимизни ривожлантириш ва жамиятда китобхонлик маданиятини юксалтиришга ҳам жуда катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада сўнгги йилларда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилгани, ижодкорлар учун зарур шарт-шароитлар ва имкониятлар яратилаётгани, соҳада йиллар давомида тўпланиб қолган долзарб муаммоларнинг қисқа фурсатларда ҳал этилаётгани бунинг яққол далил эканини таъкидлаб ўтишди.
Илгари ижодкорларнинг дам олишлари ва ижод қилишлари учун фақатгина “Дўрмон” ижод уйи мавжуд эди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2019 йили Жиззах вилоятининг Зомин туманида барча қулайликларга эга бўлган замонавий ижод уйи қуриб битказилди. Бу ерда ижодкорларимиз дам олиб, саломатлигини тиклаб, янги асарлар яратиши учун барча шароитлар яратиб берилди. Ўтган вақт мобайнида 157 нафар уюшма аъзолари мазкур санаторияда имтиёзли нархларда дам олишлари ташкил этилди.
Шунингдек, янгидан бунёд этилган “Паркент” ижод уйининг мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами олдидан фойдаланишга топширилаётгани адабиёт аҳли учун катта шодиёна бўлди. Боиси, ушбу ижод маскани ижодкорлар томонидан барҳаёт асарлар яратилишига, адабий мулоқотларга гувоҳ бўлиши, шубҳасиздир. Бино замонавий андозалар асосида қурилган бўлиб, 152 ўринга мўлжалланган, 32 хонадан иборатдир. 2 гектар ер майдонида жойлашган иншоот очиқ ва ёпиқ сув ҳавзасига, кутубхона, ошхона, чойхона ҳамда 150 ўринли амфитеатрига эга.
Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари “Паркент ижод уйи” билан тўлиқ танишдилар, ўзларини қизиқтирган саволларига тегишлича жавол олишди. У ерда яратилган шарт-шароитларга гувоҳ бўлишди.
Оромгоҳ ҳовлисида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан янги чоп этилган китоблар кўргазма-савдоси ташкил этилди. Тадбир давомида “Буюк ўзбек йўли” публицистик тўплами, “Орзулар хиёбони” ҳикоялар тўплами, “Келажакка бошлайди ишонч” шеърий тўплами ҳамда Туркияда профессор Муневвер Текжан томонидан нашрга тайёрланган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби Зокиржон Машрабов ҳақида ёзилган “Бобур изида ўтган бир умр” китобининг тақдимот маросими ҳам бўлиб ўтди.
Очилиш маросими эл ардоғидаги санъаткорларнинг бадиий чиқишлари, шоирларнинг ватанни улуғловчи шеърлари билан давом этди.
Фозил ФАРҲОД,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати раҳбари