Сабаби, бугун халқнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилиш, олис қишлоқ ва маҳаллаларда ҳам фуқароларнинг давлат хизматларига бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш долзарб вазифага айланиб бормоқда.
“Шампань”, “Невич”, “Новданак”, “Янги Санганак”, “Қизилсой”, “Обод”, “Чинорли”, “Бозорбоши” каби маҳалла фуқаролар йиғинларида 20 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Бу ерда яшовчи аҳоли ўзининг юмушлари билан ёки давлат хизматларидан фойдаланиш учун марказга бориб келишга мажбур бўларди. Бу эса фуқароларнинг ҳам вақтига, ҳам нақдига жиддий таъсир қиларди.
Президентимизнинг 2020 йил 31 январдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан ташкил этилган филиал ҳудуд аҳолисининг узоғини яқин қилди.
— Филиалимиз ҳафтанинг чоршанба ва пайшанба кунлари аҳолига тез, қулай ва шаффоф тарзда давлат хизматларини кўрсатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган, — дейди туман Давлат хизматлари маркази директори Жаҳонгир Ризаев. — Бугуннинг ўзида 10 га яқин аҳоли вакилига тўпланиб қолган турли масалаларда давлат хизматлари кўрсатилди. Мақсадимиз — аҳолига қулайлик яратишдир.
— Қишлоғимизда марказнинг филиали очилишини эшитиб жуда ҳам хурсанд бўлдим, — дейди Мазмуна Мирзиёева. — Фарзандларимиз учун уй-жой қурамиз, унга электр, газ улаш керак бўлади. Бунинг учун эса албатта давлат хизматларидан фойдаланишга тўғри келади. Бундан кейин ҳужжатларни кўтариб туман марказига қатнаб юрмаймиз. Ҳозиргина набирамни мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш учун ариза бердим. Филиал ходимлари ишимни тез ва қисқа муддатда битириб беришди.
Филиал очилишида иштирок этган болажонларга турли совға-саломлар улашилди. Шу куннинг ўзида ўндан зиёд фуқаролар давлат хизматларидан фойдаланди, дея хабар беради ДХА Тошкент вилояти бошқармаси матбуот хизмати.