ПИ президенти Ўзбекистон парламенти аъзоларининг Ташкилот ишида фаол иштироки, шу жумладан, ёшлар, гендер сиёсати, атроф муҳит ва соғлиқни сақлаш каби кун тартибидаги масалаларни олқишлади.

Д.Пачеко Ўзбекистонда олиб борилаётган ёшлар сиёсати Парламентлараро Иттифоқ стратегияси билан ҳамоҳанг эканини таъкидлади. Шу муносабат билан у мамлакат парламентида ёшларнинг вакиллигини юқори баҳолади.

Кўпгина ривожланган мамлакатларда ёшлар парламентда кўпи билан 3 фоиз даражасида. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич икки баробар юқори. Шу билан бирга ПИ Ўзбекистоннинг мамлакат қонун чиқарувчи органида ёшлар сонини кўпайтириш ниятини олқишлайди. Иттифоқнинг «Ёш парламентга «ҳа» деб айт» акциясини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.

Айниқса, Ўзбекистон парламенти аъзолари умумий сонининг 32 фоизини хотин-қизлар ташкил этиши жаҳондаги энг яхши кўрсаткичлардан бири эканлиги алоҳида таъкидланди. Сўнгги йилларда гендер тенглик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ижобий баҳога лойиқдир.

Шу муносабат билан Д.Пачеко 2022 йил сентябрь ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган навбатдаги Жаҳон аёл-спикерларининг форуми юксак савияда ташкил этилишига ишонч билдирди. У келаси йили Ўзбекистонга ташриф буюриш ниятини изҳор этди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва ПИ ўртасида ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан келишувга эришдилар, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати.