Ҳозирда паррандачилик истиқболли ва чорвачиликдаги асосий йўналиш экани тан олинади. Бунинг сабаблардан бири паррандаларни сақлаш учун иншоотларнинг оддий бўлишидир. Бугунги кунда жаҳоннинг етакчи давлатларида паррандачиликка катта эътибор қаратилмоқда.
Чунки айнан паррандачилик аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда улкан аҳамият касб этиб, қишлоқларда одамларнинг иш билан банд бўлишига катта ҳисса қўшади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, мамлакатимизда паррандачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бунинг учун зарур ҳуқуқий асослар яратилаётгани диққатга сазовор.
Жумладан, Президентимизнинг «Паррандачилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эътиборга молик. Мазкур қарорга мувофиқ, 2022 йил 1 июндан 400 млрд сўмгача кредит маблағлари ҳисобидан паррандачилик хўжаликлари ва парранда омухта еми ишлаб чиқарувчи тадбиркорларга дон захираси яратиш учун 3 ойлик имтиёзли давр билан 12 ойгача револьвер кредитлар ажратилади. Шунингдек, қарорда паррандачиликни ривожлантириш бўйича мақсадли давлат дастурлари бўйича кредит маблағлари 10 йилгача муддатга 3 йилгача имтиёзли давр билан ажратилиши ҳам белгиланган.
Айтиш жоизки, «Микрокредитбанк» АТБ томонидан қарор билан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2021 йил 29 июнда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 529,2 млрд сўм (1-босқич: 50 миллион АҚШ доллари) миқдорида маблағлар ажратилган эди.
Ушбу маблағлар ҳисобидан 203 та паррандачилик хўжаликлари ва озуқа-ем маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга 500,8 млрд сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Шундан қарорга асосан бошқа тижорат банкларига паррандачилик лойиҳаларини молиялаштиргани учун жами 95,8 млрд сўмлик ресурс маблағлари йўналтирилди.
Хусусан, «Қишлоққурилишбанк»ка 10 та лойиҳага – 29,8 млрд сўм, «Туронбанк»ка 2 та лойиҳага – 11,5 млрд сўм, «Ипотекабанк»ка 4 та лойиҳага – 52,3 млрд сўм ҳамда «Савдогарбанк»ка (мазкур банк «Garant bank» деб номи ўзгарганини эълон қилган) 1 та лойиҳага 2,2 млрд сўм ўтказиб берилди. Бунинг ҳисобига ушбу паррандачилик хўжаликларида қувватдан фойдаланиш 45 фоиздан 80 фоизга оширилиб, 410 млн дона тухум, 15,4 минг тонна гўшт, 106,7 минг тонна озуқа ишлаб чиқариш имкони яратилди.
Жумладан, Қашқадарё вилоятида 2022 йилда қиймати 13 млрд сўмлик 15 та лойиҳа амалга оширилган бўлиб, ушбу паррандачилик корхоналарида 477 минг бош парранда боқилмоқда. Натижада йилига 41 млн дона тухум ва 2,1 минг тонна парранда гўшти етиштириш қувватлари яратилди, қўшимча 187 та янги иш ўрни яратилди.
Жорий йилнинг 27 октябрь куни «Микрокредитбанк» АТБ ҳамда «Паррандасаноат» уюшмаси томонидан Қашқадарё вилояти Нишон туманида жойлашган тадбиркор Баҳриддин Ниязов раҳбарлик қилаётган «Чўл паррандаси» МЖЧда бир гуруҳ республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди. Пресс-тур давомида ОАВ вакиллари парранда гўшти (бройлер товуқлари)ни кўпайтириш жараёни билан бевосита яқиндан танишиш имконига эга бўлишди.
«Чўл паррандаси» МЧЖ ҳақида маълумот
Нишон туманида жойлашган «Чўл паррандаси» МЖЧ 2021 йилнинг декабрь ойида «Микрокредитбанк» АТБнинг Янги Нишон филиалидан 4 йил муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан (14 фоизли) 3 миллиард сўмлик кредит олиб, ўз фаолиятини бошлаган. Шу кунгача 120 минг дона бройлер жўжаларини аҳоли истеъмоли учун етказиб берган. Айни пайтда мазкур корхонада 40 мингта жўжа парваришланмоқда.
Таъкидлаш жоизки, банк томонидан паррандачилик йўналишда лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Банк ахборот хизмати.
Хизматлар лицензияланган.