Пойтахтимиздаги “Ишга марҳамат” мономарказида Россиянинг Москва шаҳридаги кўп тармоқли миграция маркази филиали очилди. Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари, россиялик мутахассислар иштирок этди.

Тадбирда қайд этилганидек, меҳнат миграцияси бугунги глобаллашган дунёда тобора жадаллашаётган муҳим жараёндир. Халқаро тажриба кўрсатмоқдаки, қаерда меҳнат миграцияси тўғри ташкил этилган бўлса, бандлик ва жамиятдаги бошқа иқтисодий-ижтимоий муаммолар оқилона ечим топмоқда. Шу боис, сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳам шу йўналишда ўз ечимини кутаётган муҳим масалаларни изчиллик билан ҳал этишга устувор аҳамият қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 15 сентябрдаги “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. Мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалар изчиллик билан адо этилиши натижасида бугунги кунга келиб хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграциясини ташкил этиш бўйича замонавий тизим яратилди. Хорижда ва юртимизда меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, уларни ва оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳолини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар, тадбиркорлик асослари ва хорижий тилларга ўқитиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Россиянинг қатор ваколатли ташкилотлари билан меҳнат миграцияси масалалари юзасидан музокаралар ўтказилиб, ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда.

— Россия ҳудудида ишлашда талаб этиладиган патентни расмийлаштириш меҳнат мигрантларидан ортиқча вақт ва харажат талаб этади, — дейди бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Муҳиддинов. — Пойтахтимизда Москвадаги кўп тармоқли миграция маркази филиали очилиши Россияда ишлаш истагидаги фуқаролар учун бу борада катта қулайлик яратади. Ушбу филиал орқали патент учун талаб этиладиган ҳужжатларнинг аксарият қисми Ўзбекистонда топширилади.

Кўп тармоқли миграция маркази Москва шаҳри ва вилоятида ишлаш истагидаги чет эллик фуқаролар учун патент расмийлаштириш хизматини кўрсатади. Хусусан, Россияда ишлаш истагида бўлган фуқароларни танлаш, касбий малакасини баҳолаш, иш берувчилар билан суҳбат ташкил этиш, ушбу давлатга кириш ва меҳнат фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ тақиқларни текшириш, меҳнат мигрантларига ишга жойлашиш, ишлаш учун рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш, пандемия билан боғлиқ чекловларни инобатга олган ҳолда мамлакатда бўлиш тартиблари бўйича маслаҳат бериш, уларнинг Россияга кириб боришига кўмаклашиш ва бўш иш ўринлари ҳақида маълумот улашиш каби хизматлар шулар жумласидандир.

Россияда ишлаш истагидаги фуқаро ушбу филиалда тўлдирган бирламчи ҳужжатлар Москва шаҳридаги кўп тармоқли миграция марказига топширилади ва тезлаштирилган тартибда патент олиш имконияти яратилади. Келгусида филиал фаолиятини кенгайтириш, юртимизнинг турли ҳудудларида хориждаги шундай ташкилотларнинг филиалларини очиш режалаштирилган.

Тадбир доирасида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Москва шаҳридаги “Кўп тармоқли миграция маркази” ҳамда “Крост” масъулияти чекланган жамияти ўртасида фуқароларни ташкиллаштирилган  ҳолда хорижга ишга жалб этиш бўйича уч томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди.               

Баҳор ХИДИРОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбир