Кеча пойтахтимиздаги «Баҳор» ресторанида бўлиб ўтган тадбирда «Пахтакор» жамоаси аъзолари, мураббийлар штаби ва клуб раҳбариятига олтин медаллар тантанали равишда топширилди.

Маросимда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон футбол ассоциацияси бош котиби Аваз Максумов, Профессионал футбол лигаси бош директори Диёр Имомхўжаевлар иштирок этиб, медалларни тақдим этишди.

Мавсум давомида катта ҳажмдаги ишни амалга оширган клуб вакиллари ва жамоа аъзолари медаллар билан тақдирланди. Клуб бош директори Дмитрий Адисман Ўзбекистон футбол ассоциациясидан клуб номига ташаккурномани ҳам қабул қилиб олди.

Ўзбек футболи афсоналари Биродар Абдураимов ва Тўлаган Исоқов жамоа аъзоларини навбатдаги муваффақиятли мавсум билан табриклаб, уларга келгуси мавсумда янада яхшироқ натижалар қайд этишларини тилашди. Шунингдек, тадбир давомида «Пахтакор» футбол клуби ўз ҳомийлари ва ҳамкорларига миннатдорлигини изҳор қилди.