Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-5847-сон ҳамда 2022 йил 11 майдаги «2022 — 2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида»ги 134-сонли Фармонлари таълим соҳасидаги ислоҳотларни мутлақо янги босқичга олиб чиқди. Хусусан, мазкур меъёрий ҳужжатда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети педагогика йўналиши бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқишда етакчи олий таълим муассасаси этиб белгиланган эди.

2022 йил 28 октябрь куни Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган илмий-амалий семинар юқорида номлари келтирилган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларда белгиланган вазифаларнинг амалий ижросига бағишланган дейиш мумкин.
Хусусан, тадбирда республикамиздаги педагогик кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари ўқув ишлари бўйича проректорлари, ўқув услубий бўлим бошлиқлари ва соҳанинг 50дан ортиқ етакчи мутахассислари иштирок этдилар.

Семинар ишида Тошкент давлат педагогика университети ректори Абдуғаффор Қирғизбоев халқ таълими соҳасидаги педагог кадрлар тайёрлашдаги қилинаётган ислоҳотлар, ўқитиш сифати ва мазмунини халқаро талаблар асосида такомиллаштириш, юқори малакали педагог кадрлар тайёрлаш борасидаги амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги вазифалар ҳақида фикр юритди.
Семинар ташкилотчилари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 июндаги «Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-289-сонли Қарорида белгиланган вазифаларнинг ижроси, педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган 2-4 босқич талабалари учун педагогик амалиётларини «4+2» тартибда ташкил этилиши, талабалар ўқишини кўчириш ва талаба алмашинуви борасида мавжуд тажрибалар ҳамда ҳамкорликда бажарилиши лозим бўлган стратегик масалалар бўйича маърузалари билан иштирок этди.
Семинар якунида янги ташкил этилган педагогика олий таълим муассасаларида таълим жараёнини кредит-модуль тизими асосида ташкил этиш борасида кўплаб учраётган муаммолар ечимлари бўйича тавсиялар ва таклифлар ишлаб чиқилди.
Семинар давомида педагогика соҳасида яратилган янги авлод адабиётлари ва электрон таълим захиралари кўргазмаси ташкил этилди.

Бинобарин, бу тадбир замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш жараёни янги сифат босқичига кўтаришга хизмат қилиши шубҳасиздир.