Хабарда айтилишича, фирибгарлар ўзларини банк ёки Пенсия жамғармаси ходими сифатида таништириб, гўёки келгуси ойдан пенсия миқдори оширилишини ваъда қилишмоқда.

Улар фуқароларнинг ишончига кириш мақсадида пенсия ошиши учун пластик карта ёки паспорт маълумотлари, шунингдек, телефонга келган тасдиқлаш кодини айтиш зарурлигини таъкидлашади. Акс ҳолда, пенсия миқдори ошмай қолиши ёки картангизга тушмаслиги билан қўрқитиш ҳолатлари кузатилмоқда.Шу муносабат билан фуқаролардан ҳушёр бўлиш сўралди.

"Пенсия жамғармаси ходимлари ҳеч қачон телефон орқали шахсий маълумотларни ёки СМС-кодларни сўрамайди. Бегона шахсларга паспорт маълумотлари, банк картаси рақамлари ёки ЖШШИР (ПИНФЛ) каби маълумотларни тақдим этишдан сақланинг.
Агар сиз ёки яқинларингиз шу каби шубҳали ҳолатларга дуч келсангиз, дарҳол Пенсия жамғармасининг 1271 қисқа рақамли ишонч телефонига ёки 102 рақами орқали ички ишлар органларига хабар беришингиз сўралади. Ўзингиз ва яқинларингизнинг хавфсизлигига бефарқ бўлманг", — дейилади хабарда.