Сир эмас, узоқ йиллардан буён юртдошларимиз пенсияга чиқишда кўп сарсонгарчиликларга учраб келади. Бунинг машаққатини кекса авлод вакиллари яхши билади. Улардан пенсияга қандай чиққанини сўрасангиз, шундай жавоб бериши тайин: азоб бўлган!
Ўзимиз ҳам яхши биламиз, пенсияга чиқиш учун фуқаро меҳнат фаолияти давомида нечта ташкилотда ишлаган бўлса, ҳаммасидан қанча муддат ишлагани, қанча маош олгани тўғрисида маълумотнома йиғиши керак бўларди. Тасаввур қилинг, сиз, масалан, 30 йилда 10 дан зиёд ташкилотда ишладингиз. Энди пенсияга чиқишингиз керак. Демак, югур-югур вақти келди. Бу пайтда айрим ташкилотлар “ёпилиб” кетган бўлиши ҳам мумкин. Бу ёғи энди суд орқали ҳал бўлади.
Умуман, бугунги кунгача пенсия ёшига етган фуқароларимиз 14 та ташкилотдан 30 турдаги ҳужжат йиғиб келиши талаб этиларди. Ушбу ҳужжатларни йиғиш учун камида икки ой вақт кетган. Қанча вақт, қанча сарсонгарчилик, асаббузарлик...
Тарихий янгиланиш – янги тизим
Давлатимиз раҳбари мудом фуқароларга қулайлик яратиш ҳақида қайғуриб келади. Бу каби эътибор, айниқса, инсон ёши улғайиб боргани сайин жуда қадрли. Негаки, киши кексайганида, меҳнат лаёқатини йўқотган ёки боқувчисидан маҳрум бўлганида ўзгалар меҳри, кўмаги ва эътиборига эҳтиёж сезади.
Президентимизнинг жорий йил 4 майдаги “Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ана шу инсонпарварлик ғояси билан муҳим аҳамият касб этади. Қарор билан, ниҳоят халқимиз узоқ кутган яна бир тарихий янгиланиш – янги тизим жорий этилмоқда.
Аслида, пенсия тизимидаги ислоҳотлар Президентимиз ташаббуси билан бундан уч-тўрт йил олдин бошланган эди. Авваллари ёши улуғ кишиларни почта шохобчалари олдида, тик оёқда, узоқ навбат кутиб турганини кўрардик. “Қачон пенсия келар экан”, деб сарсон кутарди. Пенсия келган куни пул ҳаммага етмай қолган ҳолатлар ҳам кўп бўлган. Уч-тўрт йил бўлди, бу манзарага барҳам берилди. Ҳозир банк ходимлари пенсияни ўз вақтида маҳалла идорасига, ҳатто ёши улуғ инсонларнинг уйига олиб бориб беради.
Эътибор берган бўлсангиз, ҳар битта тизим замон талаблари асосида, энг муҳими, халқимиз манфаатлари кўзланган ҳолда такомиллаштириб борилмоқда. Янги инновацион ғоялар татбиқ этиляпти. Пенсия тизимида ҳам шундай бўлди.
Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида фуқароларимиз фақат паспорт билан пенсияни расмийлаштириши мумкин бўлган замонавий тизим яратиш ғоясини илгари сурган эди.
Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади
Эндиликда, 2022 йилдан фақат паспорт ёки идентификация картаси асосида пенсия ва ижтимоий нафақаларни тайинлаш тизими жорий этиляпти. Бунга эришиш учун вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинади, электрон ахборот алмашинув тизими жорий этилади.
Янги тартибга кўра, 2022 йил 1 июлдан бошлаб меҳнат стажи, иш ҳақи, олийгоҳда ўқигани ва ҳарбий хизмат даври маълумотлари Пенсия жамғармасининг дастурий таъминоти билан боғланган ҳолда “Ягона меҳнат миллий тизими” орқали электрон тарзда олинади. Ҳозирда ушбу тизимда турли вазирлик, идора ва ташкилотларнинг 4,8 миллион ишчиси иш ҳақи ва иш стажига оид маълумотлар шакллантирилган.
Давлат пенсияларини тайинлаш учун фуқаролардан фақат паспорт ёки идентификация ID-картаси талаб этилади. Келгусида фуқароларга пенсия бўлимларига келмасдан, уларнинг электрон мурожаатлари асосида пенсия тайинлаш имконияти яратилади.
Айтиш керакки, ҳозирги кунда аҳолига пенсия ва нафақалар Халқ банки филиаллари томонидан етказиб берилмоқда ва бунинг учун 0,9 фоиз хизмат ҳақи олинмоқда. 2020 йилда жами 35,4 триллион сўмлик пенсия ва нафақа тўловларининг 28,1 триллион сўми ёки 79 фоизи нақд пул кўринишида ажратилган. Халқ банкига мазкур тўловларни нақд пулда тарқатиш хизматлари учун 2020 йилда 223,6 миллиард сўмлик хизмат ҳақи тўланган.
2022 йил 1 январдан бошлаб бу жараённи янада такомиллаштириш мақсадида пенсия, нафақа ва бошқа тўловларни аҳолига етказиб бериш ҳар 3 йилда бир марта ҳудудларда алоҳида тендер асосида танланган тижорат банки ёки бошқа ихтисослашган ташкилот томонидан амалга оширилади. Бунда банклар ва ихтисослашган ташкилотларнинг маълумотлар базаси Пенсия жамғармасининг дастурий таъминоти билан боғланади. Тендер натижаларига кўра танлаб олинган тижорат банки ёки бошқа ихтисослашган ташкилот томонидан фуқароларга пенсия ва нафақаларни етказишда кечикиш ёки тартиб бузилиш ҳолатларига йўл қўйилганда жарима тўлаш тартиби жорий этилади. Шунингдек, фуқаролар томонидан тўлов операторларининг фаолиятини баҳолаб бориш имконияти яратилмоқда. Фуқароларимиз берган баҳо кейинги тендер ўтказишда инобатга олинади.
Қарор асосида фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича 31 банддан иборат “Йўл харитаси” тасдиқланади. Унга кўра, вазирлик, идора ва корхоналарда ишлаган собиқ ишчиларнинг иш ҳақи ва ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги маълумотлари “Ягона меҳнат миллий тизими”да тўлиқ шакллантирилади. Оила таркиби, жумладан, қариндошлик даражаси бўйича электрон маълумотлар базаси шакллантирилади. 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар тўғрисида тиббий хулосалар электрон базаси яратилади. Чет элга доимий яшаш учун кўчиб кетаётган фуқароларнинг электрон маълумотларини “Пенсия” ахборот тизимига автоматик юбориш механизми жорий этилади.
Пенсия жамғармаси фаолияти ҳам такомиллаштирилади
Янги тизим, албатта, янгича шаклда ишлашни талаб қилади. Шу маънода, мазкур қарор билан Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш ҳам кўзда тутилган.
Пенсия жамғармасининг ижро этувчи аппарати, ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари ташкилий тузилмаси қайта тасдиқланди. Марказлаштирилган бухгалтерия тизими жорий этилади ва жамғарманинг туман (шаҳар) бўлимларидаги маблағларга эҳтиёжни аниқлаш, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи шўъбалари фаолияти тугатилади.
Жамғарма таркибида пенсия, нафақа ва бошқа тўловларни молиялаштириш бўлимлари ташкил этилади. Ички аудит хизматлари ва юридик бюро фаолияти йўлга қўйилади.
Қарорда Пенсия жамғармасининг мавжуд бинолари негизида кекса ёшдагилар, имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатишга мослаштирилган “Намунали Пенсия жамғармаси бўлими”ни ташкил этиш белгиланган. Бундан ташқари, 2024 йилга қадар барча ҳудудларда Пенсия жамғармаси бўлимлари бинолари босқичма-босқич минимал талабларга мослаштирилади.
Маълумотларга кўра, юртимизда ҳар йили ўртача 290 минг фуқарога пенсия тайинланади. Демак, жорий этилаётган янги тизим ҳар йили минглаб юртдошларимизнинг оғирини енгил қилади, ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинади.
Абдулазиз ҲАЙДАРОВ,
Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари
Пенсия жамғармаси ижрочи директори