Учрашув давомида ҳар икки томон вакиллари мамлакатларимиз ўртасида фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларининг ривожланиши Ўзбекистон ва Покистон манфаатларига бирдек мос келишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Музокаралар давомида хорижий авиакомпанияларни мамлакатимиз авиация бозорига жалб этиш, ушбу бозорнинг барча иштирокчилари учун қулай шароитларни яратиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, биргина жорий йилнинг ўзида аэропорт хизматлари учун йиғимлар 42фоизга қадар туширилган, зиёрат туризми йўналишида бажариладиган парвозларга эса 50 фоизга қадар чегирмалар берилган.

“PIA” авиакомпаниясининг Ўзбекистондаги вакили Муҳаммад Ваккос Исломобод – Тошкент ва Карачи – Тошкент йўналишида мунтазам авиақатновларни 2022 йил январь ойидан йўлга қўйиш ниятида эканлигини билдирди.

Учрашув якунида томонлар белгиланган йўналишларда мунтазам парвозларни йўлга қўйиш юзасидан ҳамкорлик ишларини давом эттиришга келишиб олди.