"Янги Ўзбекистон мактаб остонасида бошланади" номли амалий семинар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги (PIIMA) томонидан ташкил этилди.
PIIMA директори Ҳилола Умарова семинарни очар экан, бундай семинарлар фақатгина тажриба алмашиш ва малака ошириш учун эмас, балки истиқболдаги режаларни келишиб олиш учун хизмат қилишини таъкидлади. Тадбир давомида ижод мактаби директорлари ПИИМА раҳбариятига ўзлари раҳбарлик қилаётган мактаблар фаолияти, камчиликлари ва муаммолари ҳақида тақдимот қилдилар. Мактаб раҳбарлари ўқув муассасалари ютуқлари билан бирга фаолиятларида дуч келаётган муаммолар ҳақида тўхталиб ўтдилар. Жумладан, баъзи мактабларда ётоқхоналарни кенгайтириш, замонавий лабораторияларни яратиш, ўқувчилар ижодини кўллаб-қувватлаш, ўқувчиларни дарс пайтида турли тадбирларга жалб қилиш каби муаммолар мавжудлиги таъкидланди.
Бундан ташқари семинарда ижод мактаблари директорлари ўқув муассасаларида таълим дастури ва сифатини ошириш, янги дарсликлар яратиш бўйича ўз таклифларини бердилар. Семинарда мактаб ўқитувчилари ва тарбиячиларининг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш кераклиги таъкидланди. Директорлар Агентлик тизимида мактаблар орасида рақобатни таъминлаш учун фан олимпиадаларини ташкил этишни таклиф этди.
Шу билан бирга Президентимизнинг 5 та ташаббусларини тарғибот қилиш бўйича фикрлар алмашилди. Ҳилола Умарова семинарда дарс муқаддас эканлигини, дарс пайтида ҳеч ким ўқитувчи ва ўқувчиларни бошқа тадбирга жалб қилишга ҳаққи йўқлигини эслатиб ўтди. Агентлик раҳбари ижод мактаблари таълим сифатини таъминлаш бўйича фаолиятларини янада такомиллаштиришлари ҳамда таълим муассасаларида ўқувчиларни касбга йўналтириш бўйича ишларни жорий қилиш кераклигини айтиб ўтди. PIIMA директори агентлик тизимида фан олимпиадалари ва танловларини ўтказишни қўллаб-қувватлади ҳамда уларнинг ғолиблари ва ўқитувчиларни рағбатлантириш тизимини жорий қилиш кераклигини айтди. Ҳилола Умарова ижод мактабларининг олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда уларнинг профессор ва ўқитувчиларни ўқувчиларга дарс беришга жалб қилиш бўйича ишлари сустлигини таъкидлаб ўтди. Семинар ишида Маданият вазири Озодбек Назарбеков, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов ҳам иштирок этди.
Улар даставвал Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги қошидаги мактабларнинг лойиҳалари билан танишди. Ижод мактаби вакиллари билан учрашув давомида эса Маданият вазирлиги ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази билан таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича масалалар муҳокама қилинди. Бундан ташқари ижод мактаби директорлари ва уларнинг ўринбосарлари дарсликларни ҳамда мактабларда бошқарув тизимини такомиллаштириш ва бошқа мавзулардаги тренингларда ҳам иштирок этдилар. Ташриф буюрган меҳмонларга ижод мактабларининг иқтидорли ўқувчилари шеърларидан иборат Ижод боғидан гулдаста тўплами тақдим этилди.
Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги семинар давомида билдирилган таклифлар асосида таълим муассасаларда таълим жараёнини такомиллаштиришга қаратилган йўл харитасини ишлаб чиқади. Таъкидлаш лозимки, ҳозирги кунда PIIMA тизимида 4 та Президент, 9 та ижод ва 3 та ихтисослаштирилган мактаблар мавжуд бўлиб, уларда 3397 нафар ўқувчиларга юқори малакали ўқитувчилар томонидан билим берилмоқда. 2021-йилда мамлакатимизда 3 та ижод мактабини ташкил этиш режалаштирилган. Шу билан бирга, 13 та ҳудудда Муҳаммад ал-Хоразмий ва Абу Али ибн Сино мактабларининг филиалларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.