Бу масалага ҳудуд имкониятлари, табиат талаби, одамлар эҳтиёжи ҳисобга олиниб, турлича ёндашувлар мавжуд. Масалан, тоғли қишлоқларда, иқлим шароитидан келиб чиқиб, аҳолини банд қилишнинг ўзига хос йўли – чорвачилик, боғдорчилик, туризмни ривожлантириш каби йўналишлар танланади. Водийда, дашт ва чўл ҳудудларда яна ўзгача. Бу борада Тошкент вилояти Пискент туманида ҳам ўзига хос тажриба шаклланмоқда.
Тез ва содда усул билан камбағалликдан чиқиш йўли
Пискентда йирик завод-фабрикалар йўқ. Лекин борган одам бу ерни Хитойга ўхшатади. Чунки пискентликлар миришкор, тадбиркор келади, ҳар бир хонадонда нимадир етиштирилади, бирон маҳсулот тайёрланади. Масалан, бир сотих жойда ҳам боғдорчилик, ҳам деҳқончилик қилинади. Косиблик, тикувчилик каби ҳунарлар яхши ривожланган. Аҳолининг сурув-сурув қўй-эчкиси бўлмаса-да, томорқада чорва билан шуғулланишнинг ҳадисини олган. Айрим маҳаллаларда етиштирилган узумлар Паркентникидан сира қолишмайди.
Албатта, ҳаёт тўкис эмас. Камчиликсиз, муаммосиз кун кечириш қийин. Шундай чоғда ортингизда қўллаб-қувватлаб тургувчи давлатингиз бўлса, кўнгил хотиржам яшайсиз, мақсадга эришиш йўлига ўтасиз, интилиш кучаяди.
Ҳар маҳаллада ўзига хос тажриба ва кўникма бор
Тумандаги “Ғайрат” МФЙ аҳолиси азал-азалдан томорқада қулупнай ва помидор етиштириш билан шуғулланиб келади. Шундан келиб чиқиб, аҳолининг кўникма ва тажрибаларига таянган ҳолда, ушбу ҳудуддаги қишлоқ хўжалигида самарасиз фойдаланиб келинаётган 40 гектар ер майдонидан қулупнай ва помидор етиштириш мақсадида иссиқхона қуриш учун 10 гектардан, узумзор барпо қилиш учун эса 20 гектар ер 300 та хонадонга ижара асосида ажратиб бериладиган бўлди.
Натижада ишсиз 260 га яқин фуқародан 170 нафари шу ер майдонидан фойдаланган ҳолда ўзини ўзи банд қилиш таклифига розилик билдирди.
“Ғайрат” МФЙ туман марказига яқин жойлашган. Бу ҳам маҳаллани янада обод қилиш имконини кенгайтиради. Туман аҳолисининг уй-жойга бўлган талабини инобатга олган ҳолда маҳалла ҳудудида қишлоқ хўжалигида фойдаланилмай келинаётган 19 гектар ер майдонида жами 200 хонадонли 10 та кўп қаватли уй қуришга киришилди. Бунда Президентимизнинг 2019 йил 10 январдаги “Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асос бўлди.
Бу билан ҳам туман маркази кенгаяди, ҳам маҳалла инфратузилмаси яхшиланади, ҳам юзга яқин фуқаро вақтинча бўлса-да, қурилиш ишларига жалб қилиниб, ойлик маошга эга бўлади.
Пискентда кредитни содда йўл билан ажратиш тизими жорий этилган
Туманда тадбиркорликни бошлаш, ўз томорқасидан самарали фойдаланиш истагидаги фуқароларга кредитни энг содда йўл билан ажратиш тизими йўлга қўйилган.
– Ишсизлигим учун “Ёшлар дафтари”га киритилган эдим, – дейди “Ойбек” маҳалласида яшовчи Санжар Султонқулов. – Эҳтиёжманд бўлиб яшашни эмас, тадбиркор бўлишни истайман. Шунинг учун туман ҳокимлигига бордим. Ҳоким зотдор қуён боқишни тавсия қилди. Январь ойида “Микрокредитбанк”дан 4 кун ичида 30 миллион сўм имтиёзли кредит олдим. Олган 50 қуёним бир ойда 90 тага етди. Қуён етти хазинанинг бири, жуда тез кўпаяр экан. Куни кеча яна ҳоким қабулига бориб, энди қуёнчилик фермаси ташкил қилмоқчиман, дедим. Ҳокимга лойиҳам ёқди, қўллаб-қувватлади. “Лола ариқ” маҳалласидан аукцион орқали 10 сотих ер оляпман. Ҳовлига субсидия асосида иссиқхона ҳам қуриб берилган эди, ичига ток кўчатлари ва булғор қалампири экканмиз. Кўриб турганингиздек, 2 сотих томорқамдан анчагина даромад кутяпмиз.
Манзура Дадабоева боқувчиси йўқлиги боис “Аёллар дафтари”га киритилган эди. “Маҳаллабай” ўрганишларда унинг тадбиркор бўлиш истаги аниқланди. Тадбиркорликка кўмаклашиш марказида ўқиб, сертификат олди. Опа ажратилган 20 миллион сўм имтиёзли кредитга 4 та тикув машинаси харид қилиб, ишни бошлади. Бугун Манзура опа “Аёллар дафтари”дан чиқиб, тадбиркор аёл, деган ном қозонди. Маҳалласидаги ўзи сингари ишсиз аёлларнинг 3 нафарини иш билан таъминлади.
Унинг шогирди Дилавер Мирзаев эса “Ёшлар дафтари”да. 24 ёшли бу йигит тенгдошларидан фарқли равишда дизайнерликка қизиқади. Тадбиркорлик марказидаги бизнес курс унинг орзуларини рўёбга чиқаришга туртки берди. У ўқув марказида 10 нафарга яқин маҳалладошини банд қилган. Уларга ҳам ҳунар ўргатиб, ҳам иш билан таъминлаган.
– Маҳалла раиси ва банк ходимлари билан суҳбатлашиб, 30 миллион сўм кредит олиш арафасидаман. Мақсадим – либосларимни республика, қўшни давлатларга ҳам чиқариш, – дейди тадбиркор йигит.
Насиба Умарова касб-ҳунар коллежини битирган, лекин ҳеч қаерда ишламас эди. Синфдошлари қатори у ҳам “Ёшлар 1+1” лойиҳаси доирасида ўқиди, сертификат олди. Куни кеча сертификат асосида кредит олиб, ўзининг илк сармоясига 3 та тикув машинаси харид қилди. Энди Насиба уйидан чиқмай ҳам дугоналари билан даромад топиши мумкин.
Турмуш ўртоғи вафотидан сўнг тўрт фарзандни ёлғиз аёл боши билан катта қилиш Матлуба Тожибоеванинг зиммасига тушди. “Қўлдан берганга қуш тўймас”, деганлари тўғри экан. Сектор ва ҳомийларнинг озиқ-овқат, моддий ёрдами рўзғорга етмасди. Маҳалла фаоллари унинг ҳовлисига иссиқхона қуриб беришни таклиф қилишганди, рози бўлди.
– Иссиқхонада фарзандларим билан ишлаб, ўзимизни тиклаб оламиз. Бундан ташқари, товуқлар берилди. Яхши бўлди, кўпайтирсак гўшт, тухум ўзимиздан чиқади. Рўзғордан ортганини сотамиз, – дейди Матлуба опа.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 8 апрель куни ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида: “Биз қанчалик кўп маблағ бермайлик, фармон-қарорлар қабул қилиб, шароит яратмайлик, қуйи поғонадаги раҳбарлар дунёқарашини ўзгартириб, тадбиркор билан дўст бўлиб ишламаса, натижа бўлмайди”, деган эди. Ҳақ гап. Шароит, имконият бор, ҳуқуқий асослар, маблағ етарли, шунга яраша натижа ҳам бўлиши керак. Пискентликлар бугун ана шу тамойилга асосланиб меҳнат қилмоқда. Натижалар ҳам шунга яраша.