Жорий йил 21 декабрь куни VI чақириқ Халқ депутатлари Пискент тумани Кенгашининг навбатдаги 36-сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақида Пискент тумани ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Сессияда Пискент тумани ҳокими Раҳимжон Рихсиевнинг 2021 йилда эришилган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш натижалари, 2022 йилда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар тўғрисида мурожаати тингланди. Унда Халқ депутатлари Пискент тумани кенгаши депутатлари, сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари, корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
2021 йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар билан бирга йўл қўйилган камчиликлар тўғрисида атрофлича ҳисобот берилди, бартараф этиш юзасидан белгиланган чоралар ҳақида сўз борди. Шунингдек, туманда 2022 йилда тадбиркорликни ривожлантириш, инвестиция дастурига киритилган лойиҳалар ижроси, янги иш ўринларини ташкил этиш орқали аҳоли, айниқса, ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш, уй-жойлар қурилиши, туман аҳолисига сифатли ва арзон озиқ-овқат заҳирасини яратиш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган оилалар билан олиб бориладиган ишлар юзасидан режалари маълум қилинди.
Таъкидланганидек, 2021 йил мамлакатимизда пандемия оқибатларини бартараф этиш ва иқтисодиётни ривожлантириш учун комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқишга туртки берган йил бўлди. Жорий йилда Давлат дастурига мувофиқ, Республикамизда “Янги Ўзбекистон”ни барпо этиш бўйича барча соҳаларда ислоҳотлар қатъий олиб борилиб, аҳолининг муайян қатлами ўртасида камбағалликни қисқартириш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилди. Хусусан, туманда “Темир дафтар”га киритилган 206 та оилага 277 млн.сўмлик, “Аёллар дафтари”га киритилган 1054 нафар аёлга 1,1 млрд. сўмлик, “Ёшлар дафтари”га киритилган 262 нафар ёшга 1,2 млрд. сўмлик ёрдамлар кўрсатилди.
Тумандаги ҳар бир маҳаллада эҳтиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан индивидуал ишлаш натижасида 7,9 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди, 10 минг нафардан ортиқ фуқарога томорқа майдонлари ажратилиши ҳам қишлоқ аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлашда мутлақо янги йўналишга айланди.
Бугунги кунда туман аҳолиси орасида уй-жойга муҳтож оилалар 1200 нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг 55 нафари “Аёллар дафтари”га рўйхатга олинган фуқаролардир. Шунингдек, субсидия асосида уй-жой ажратиш бўйича жами 102 нафар фуқаролар томонидан мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 20 таси ижобий хулоса олган. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 11 мартдаги "Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-6186-сонли Фармонига асосан, “Ғайрат” маҳалласида наъмунавий лойиҳалар асосида уй-жой қуриш учун 19 гектар ер майдони ажратиб берилди. Айни вақтда ҳудудда уй-жойга муҳтож оилалар учун 8 та 5 қаватли 1 подьездли 160 та хонадон қурилмоқда.
Мурожаатда маҳаллий бюджет ҳаражатлари ҳам атрофлича таҳлил этилди. Ҳусусан, 2021 йил йилнинг 11 ойи давомида туман бўйича маҳаллий бюджет ҳаражатлари қўйдагиларга йўналтирилган:
- Халқ таълими соҳаси учун 7 млрд 275 млн сўм;
- Мактабгача таълим соҳаси учун 4 млрд 932 млн сўм;
- Соғлиқни сақлаш соҳаси учун 42 млрд 728 млн сўм;
- Ижтимоий нафақалар учун 13 млрд 672 млн сўм;
- Бошқа соҳалар учун 41млрд 519 млн сўм.
Сессия якунида туман ҳокими Р.Рихсиев оммавий ахборот воситалари ва блогерларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб берди. Шунингдек, мурожаатномада аҳоли бандлиги ва уй-жой билан таъминлаш борасида олиб борилган ишлар бўйича ҳудудларга пресс-тур ташкил этилди. Унда журналистлар амалга оширилаётган қурилишлар ва янги лойиҳалар билан яқиндан танишдилар.