Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, Қўмитага келиб тушаётган мурожаатлар ва ижтимоий тармоқлардаги фикрлар таҳлили поездлар жадвалдан кечикиши билан боғлиқ муаммолар долзарблигини кўрсатган. Хусусан, 2025 йил давомида бу масала юзасидан 51 та мурожаат қайд этилган.
Ўрганишлар давомида амалдаги норматив ҳужжатларда ташувчининг айби билан поезд кечиккан ҳолларда компенсация тўлаш тартиби белгиланмагани аниқланган.
Шундан сўнг Рақобат қўмитаси истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида мазкур тартибни жорий этиш юзасидан Транспорт вазирлигига сўров юборган.
Вазирлик маълумотига кўра, ҳозирда “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспортида йўловчилар, багаж ва юк багаж ташиш қоидалари”нинг янги таҳрири ишлаб чиқилмоқда. Унга кўра, поезд кечиккан тақдирда қуйидаги миқдорларда компенсация тўлаш таклиф этилмоқда:
- 15–30 дақиқа кечикса — чипта қийматининг 15 фоизи;
- 31–60 дақиқа кечикса — 25 фоизи;
- 61–120 дақиқа кечикса — 50 фоизи;
- 121 дақиқадан ортиқ кечикса — 100 фоизи.
Ҳозиргача бундай тартиб фақат “Афросиёб” поездларига нисбатан амал қилган бўлса, янги ўзгартишлар уни барча маҳаллий (оддий ва тезюрар) поездларга татбиқ этишни назарда тутмоқда.
Рақобат қўмитаси мазкур ташаббусни истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва темир йўл хизматлари сифатини ошириш йўлида муҳим қадам сифатида баҳоламоқда.