Миссия Ернинг қуйи орбитасида 1400 километр баландликка кўтарилиб, рекорд ўрнатди.
15 сентябрь, якшанба куни тўрт кишилик экипаж билан Dragon капсуласи АҚШнинг Флорида штати қирғоқлари яқинида денгизга қўнди.
Биринчи тижорий қидирув миссияси Polaris Dawn 10 сентябрда бошланган. Crew Dragon кемаси Флорида штатидаги Канаверал бурнидан учирилди. Экипаж SpaceX билан Polaris миссиясини молиялаштирган миллиардер Жаред Айзекман, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг истеъфодаги подполковниги Скотт Потит, шунингдек, SpaceXнинг икки ходими – коинот операциялари бўйича етакчи муҳандис Анна Менон ва астронавтларни тайёрлаш бўйича муҳандис Сара Жиллисдан иборат эди, деб хабар беради dw.com.