Қашқадарё вилоятининг қўшни Туркманистон билан чегарадош, Қарши шаҳридан қарийб 80 километр узоқликда жойлашган Помуқ шаҳарчасида “Ўзимиз келдик” лойиҳаси доирасида аҳолига сайёр давлат хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилди.
Энг қувонарлиси, помуқликлар бу хизматдан жуда мамнун. Улар “шунча йўл босиб, ўзларингиз келдингизми, кўзларимизга ишонмаймиз” дея мамнунлигини яшира олишмасди. Миришкор туман Давлат хизматлари маркази ва ФҲДЁ бўлими ходимлари Помуқ шаҳарчасида аҳоли хонадонларида сайёр учрашувлар ўтказишганида кўплаб муаммолар йиғилиб қолганига гувоҳ бўлишди.
Аҳамиятли томони шундаки, олис ва чекка ҳудудда сайёр давлат хизматлари кўрсатиш орқали бир талай бюракратик ва коррупцион ҳолатларнинг олди олинди. Бу ерда узоғи яқин, оғири енгил бўлган аҳоли вакиллари вилоят ва туман марказига бориб, иши битмаганини, кўп маблағ сарфлашганини айтиб ўтишди.
Таъкидланишича, 18 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган Помуқ шаҳарчаси ва ёндош қишлоқларда, асосан туркман миллатига мансуб фуқаролар, шунингдек, ўзбек, тожик, татар, қирғиз, рус ва корейс миллати вакиллари истиқомат қилишади. ДХМ ва ФҲДЁ бўлими ходимлари кўп миллатли шаҳарчада фуқароларга давлат хизматлари, хусусан, ФҲДЁ соҳасида никоҳдан ўтиш, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаларни олиш тартиблари тўғрисида тушунчалар беришди.
2 нафар оиланинг фарзандига туғилганлик тўғрисида гувоҳнома, фарзандининг мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш учун 10 та аризалар олинди. Фуқаро Ниёзжон Ниёзов бугун ўз уйида никоҳ гувоҳномасини сайёр тартибда олди.
– Тўй ташвишлари билан овора бўлиб, никоҳ ҳужжатимни вақтида ололмадим, – дейди у. – Бугун эрта тонгдан ФХДЁ ходимларининг ўзлари хонадонимга ҳужжатимни олиб келишди. Хурсандчилигимдан бошим кўкка етди. Чунки бу масалага анча вақтдан буён ечим топишга қийналиб юрган эдим.
Вилоятдаги шаҳар ва қишлоқларда аҳолига сайёр тартибда давлат хизматлари кўрсатиш қизғин давом этмоқда.