Жорий йилнинг январь ойи бошида иш бошлаган ишчи гуруҳ текширувлари натижасида муассаса мансабдор шахсларининг ўз вазифасига совуққонлик билан қараши давлат манфаатларига жиддий зарар етказгани маълум бўлди. Жумладан, хўжалик ерларини ижарага олган беш нафар тадбиркор ҳеч қандай рухсатсиз ўзбошимчалик билан бино ва иншоотлар қуриб, ернинг ихтисослашувини ўзгартириб юборган. Шунингдек, 460 нафар ижарачидан ижара пуллари ўз вақтида ундирилмагани оқибатида давлат хазинасига 1 миллиард 480 миллион сўм маблағ тушмай қолган.
Вазият фақат ерлардан нотўғри фойдаланиш билан чекланиб қолмаган. Ўрмон хўжалиги масъуллари айрим ижарачилар билан тил бириктириб, сўнгги уч йил ичида 5356 метр куб норуда материалларни ноқонуний қазиб олишган ва бу орқали давлатга 1 миллиард 322 миллион сўмлик зарар етказишган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан хўжалик мутасаддилари ва бошқа алоқадор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг бир нечта моддалари, хусусан, совуққонлик ва ўзбошимчалик билан боғлиқ бандлари бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Бундан ташқари, Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда очиқдан-очиқ порахўрлик ҳолатлари фош этилди. Ўрмон хўжалигининг бўлим ўрмонбегиси захирадаги 20 сотих ерни турар-жой сифатида расмийлаштириб бериш эвазига 15 минг АҚШ долларини олаётган вақтда қўлга олинди. Ушбу жиноий занжир давомида Давлат кадастрлар палатаси Поп туман филиали мутахассиси ҳам 500 доллар пора билан ушланган.
Шунингдек, ўрмон хўжалиги директори вазифасини вақтинча бажарувчи шахс ҳам тадбиркорга 50 сотих ерни ижарага бериш эвазига 10 минг доллар талаб қилиб, пулнинг ярмини олаётганда қўлга тушди. Ачинарлиси шундаки, ушбу мансабдор шахс муқаддам бир неча бор судланган бўлишига қарамай, ўз фаолиятида яна жиноятга қўл урган. Ҳозирда барча гумонланувчиларга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.