«Pop fayz stom» масъулияти чекланган жамияти томонидан 17 миллиард сўм маблағ эвазига барпо этилган уч қаватли йирик мажмуа таркибидан 30 мижозга мўлжалланган хостел, 50 ўринли тикув цехи, 50 кишига хизмат кўрсатувчи тамаддихона, 30 аёл-қиз бир вақтни ўзида шуғулланиш имконини берувчи фитнес зали, 50 кишини қабул қилувчи 4 та сауна ва бир вақтнинг ўзида 20 кишига хизмат кўрсатувчи умумий сауна хоналари, қурилиш моллари ва мебель жиҳозлари савдо дўконлари ўрин олган.

Мазкур мажмуада ускуналарни сотиб олиш, биноларни тайёрлаш, ўрнатиш ва ишга тушириш жараёнлари учун тадбиркор Алижон Турсунбоев ҳисобидан 15 миллиард сўм, банк кредити эвазига 2 миллиард сўм маблағ сарфланди.

Қайд этиш жоиз, комплекснинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 3 миллиард сўмга тенг бўлиб, ишлаб чиқарилган маҳсулотларни 50 фоизини Россия ва Беларус давлатларига экспорт қилиш кўзда тутилган.

Мажмуа ишга тушиши натижасида янги 120 та янги иш ўрни яратилди.

Туризм салоҳиятини ошириш, сайёҳлар оқимини кўпайтиришга қаратилган тадбиркорликнинг ушбу йўналиши бўйича ишга туширилган лойиҳа ишга тушиши билан жамият ҳар ойда давлат бюджетига 12 миллион сўмлик солиқ тўловларини амалга оширади. Тадбиркор бундай амалий саъй-ҳаракатлар билан чекланиб қолмасдан, келгуси йил бошида ўз маблағи ҳисобидан 8 миллиард сўмлик логистика хизмати кўрсатишни ташкил этиб, яна 40 та қўшимча иш ўрни яратишни кўзда тутган, деб хабар беради Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.