Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, мамлакатимизнинг Япониядаги элчихонаси, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг мутасаддилари, Нагоя шаҳар мэрияси вакиллари, «Япония-Ўзбекистон» ва «Ўзбекистон-Япония» жамиятларининг вакиллари иштирок этдилар.

Тошкент шаҳар туризмни ривожлантириш департаментининг бошлиғи Санжар Таджиев ўз нутқида Нагоя шаҳар мэрини яқинда сайловларда эришилган ғалаба билан табриклаб, Ўзбекистон президентининг Японияга ташрифи давомида Тошкент билан Нагоя ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномаси шаҳарларимиз ўртасидаги ишончли алоқаларга асос солганлигини таъкидлаб ўтди.

Шаҳарларимиз фуқароларининг ҳаёт тарзи ва манфаатлари Тошкент билан Нагоя ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш учун асос бўлди. Улар спорт, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик лойиҳаларида намоён бўлмоқда. Ҳамкорликнинг амалий мисоли Нагояда Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини намоён қилувчи махсус автобуснинг ишга туширилганидир.

Яна бир мисол – Нагоя шаҳар мэриясида декоратив-амалий санъат усталаримизнинг доимий кўргазмаси ташкил этилганидир. Қўшма семинар, шаҳарларимиз ҳақида олинган лавҳалар, жорий йилнинг бошида Тошкент ишбилармонлик доиралари вакилларининг Японияга ташрифи ҳам ўзаро алоқаларимизни тараққий эттиришда муҳим омил бўлмоқда. Шунингдек, Санжар Таджиев Нагоя шаҳри вакилларини 2021 йил ноябрь ойида бўлиб ўтадиган Халқаро туризм ярмаркасига таклиф қилди.

Давра суҳбатининг барча иштирокчилари ушбу тадбирнинг самарадорлигини таъкидлаб, келгусида бундай учрашувларни яна ташкил қилиш ниятини билдирдилар, деб хабар беради Тошкен шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.