Жорий йилнинг 24-28 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган мазкур лойиҳа доирасида хорижий рассомлардан 25 нафари офлайн, 12 нафари онлайн қатнашади. Иштирокчилар томонидан 8 та ижодий кўргазма, 6 та маҳорат дарслари ва маърузалар тақдим этилади.

Халқаро ва маҳаллий ижодкорлар тасвирий санъатнинг қатор замонавий йўналишлари – поп-арт, рақамли санъат, инсталляция, видео ва фото арт, шунингдек, рангтасвир, графика, ҳайкалтарошлик йўналиши бўйича ўз ижод маҳсуллари билан қатнашади.

Лойиҳа тадбирлари Ўзбекистон Бадиий академияси, Марказий кўргазмалар зали, Тошкент фотосуратлар уйи, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи, Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройи, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси, Ўзбекистон Бадиий академиясининг ва Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг анжуманлар залларида ўтказилади.

Тадбир низомига асосан ғолиб иштирокчилар Гран-при, биринчи, иккинчи, учинчи ўринлар асосида тақдирланади. IX Тошкент Халқаро замонавий санъат Биенналеси жюри аъзолари Италия, Озарбайжон, Буюк Британия ҳамда Россиядан таниқли экспертлардан ташкил топган.

– Кўплаб давлат вакиллари қаторида мен ҳам ушбу нуфузли, IX Тошкент халқаро замонавий санъат Биенналеда иштирок этаётганимдан мамнунман. Сўнгги йилларда Ўзбекистон барча соҳаларда илгарилаб кетмоқда. Юртингиздаги бу ислоҳотлар, дунё мамлакатлари нигоҳида ҳам ёрқин намоён бўлмоқда. IX Тошкент халқаро замонавий санъат Биеннале ҳайъат аъзоси сифатидаги иштироким эса, зиммага улкан масъулият юклайди. Мен, Биеннале ташкилотчилари ва қатнашчилари номидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга чексиз миннатдорлик изҳор қиламан, – дейди, Италиядан ташриф буюрган эксперт, “Гаруццо” фонди бош куратори, Алессандро Карер.

Пойтахтимизда тўққизинчи марта ўтказилаётган халқаро замоанвий санъат биенналеси халқларни яқинлаштириш, дунё тасвирий санъат вакиллари ўртасида мустаҳкам кўприк, ижодий мулоқот, санъатда бой меросга эга Ўзбекистон номини жаҳонга тараннум этишга хизмат қилади.

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири