Таъкидлаш жоизки, мазкур Қонун Ўзбекистон Республикасининг Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, 3 та моддадан иборат.
Қонун билан Президентнинг фарқловчи белгилари, яъни ўз белгиси ва штандарти (байроғи)ни жорий қилиш таклиф этилмоқда.
Қонунда белги ва штандарт (байроғи) тавсифи, улардан расмий фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланиши назарда тутилган.
Давлат раҳбарининг фарқловчи белгиларини жорий қилган хорижий давлатларда давлат раҳбарининг белгиси ва штандарти янги сайланган Президентга қасамёд қабул қилгандан кейин инаугурация пайтида топширилиши белгиланган. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ушбу масалалар тартибга солинмагани боис, қонунчиликни тегишли мазмундаги норма билан тўлдириш таклиф этилмоқда.
Қонунни ишлаб чиқишда миллий қонун ҳужжатлари, юрист-олимлар фикрлари, хорижий мамлакатлар, шу жумладан Россия Федерацияси, Украина, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон тажрибаси ўрганилган.
Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигини илғор хорижий тажрибага мувофиқ такомиллаштириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фарқловчи белгиларидан фойдаланиш тартибини белгилашга кўмаклашиши қайд этилди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.