Хабарингиз бор, 17 август куни “Янги Ўзбекистон” газетасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг интервьюси чоп этилди. Газета бош муҳаррири Салим Дониёров билан бўлган ушбу суҳбатда Ўзбекистоннинг охирги 5 йилликдаги ривожланиш йўли, ички ва ташқи сиёсати, ҳозирги кундаги устувор вазифалар ҳақидаги сўз боради. Суҳбат кенг қамровлилиги, дастурий аҳамиятга эгалиги билан барча ватандошларимизда, шунингдек, хорижий экспертларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Шу боис ҳам, турли давлат ва жамоат идораларида, меҳнат жамоаларида давлат раҳбарининг мазкур чиқиши катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.
Бугун Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов бошчилигида вилоят сектор раҳбарлари, 22 та туман-шаҳар ҳокимлари ҳамда тегишли мутасаддилар иштирокида ўтказилган давра суҳбатида ҳам мазкур интервьюда кўтарилган муҳим дастурий вазифалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Интервьюда илгари сурилган вазифаларнинг ҳар бир йўналиши бўйича масъул раҳбарлар маррани аниқ олиши, бугунги кун талабидан келиб чиқиб, ҳар қайси даражадаги раҳбар давлат ва жамият олдидаги масъулиятини чуқур англаб, зиммасига юклатилган вазифани сидқидилдан адо этиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, мулоқотда масъуллар олдида турган жорий вазифалар, хусусан, саноат корхоналардаги иш жараёнларини фаоллаштириш, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, инвестиция лойиҳалари борасида ишни самарали ташкил этиш ва ҳудудларда Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган байрам тадбирларини кўтаринки руҳда ўтказиш юзасидан режа ва топшириқлар ижроси муҳокама қилиниб, навбатдаги вазифалар келишиб олинди.