Нукус, Хива, Наманган ва Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи Президент мактаблари бир вақтда Cambridge Assessment International Education ташкилоти аккредитациясидан ўтди ва Cambridge International School (Cambridge халқаро мактаби) мақомига эга бўлди. Бу ҳақда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Cambridge International School мақомини олиш Нукус, Хива, Наманган ва Тошкентдаги Президент мактабларининг ўқув режалари ва имтиҳон жараёнлари Cambridge ўқув дастурининг талаб ва стандартларига мувофиқлигини тасдиқлайди.

A-Level – бу Буюк Британия таълим тизимига оид таълим дастури бўлиб, дастурни тамомлаганлар тўлиқ ўрта маълумот сертификатига эга бўлади. Ўқувчилар ўқиш натижаларига кўра имтиҳон топширишади ва A-Level сертификатини олишади. Шундан сўнг сертификат эгалари олий таълим муассасаларининг бакалавриат дастурларига қабул қилинишлари мумкин. A-Level имтиҳонлари натижаларига кўра, университетларнинг қабул комиссиялари абитуриентнинг билим ва кўникмаларини баҳолайди ва олий таълим муассасасига қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги (PIIMA) ва Президент мактаблари маъмурияти 2020 йил бошида Cambridge Assessment International Education аккредитациясини олиш бўйича тайёргарлик кўришни бошлаган эдилар.

Аккредитация жараёни бир неча босқичларни ўз ичига олади. Охирги босқичда Cambridge Assessment International Education мутахассислари таълим муассасасига келиб, аккредитация тўғрисида қарор қабул қилишади. COVID-19 пандемияси муносабати билан британиялик мутахассислар Президент мактабларига “виртуал ташриф” уюштирди ва таълим муассасаларини аккредитация қилиш тўғрисида ижобий қарор қабул қилди.

— Cambridge Assessment International Education аккредитациясини олиш Президент мактаблари ўқувчиларининг юқори стандартларга мувофиқ билим олишларини тасдиқлайди. Имтиҳонлар натижаларига кўра, битирувчиларимизнинг Буюк Британия ва бошқа мамлакатлар университетларига кириш имкониятини берадиган A-Level сертификатни олиши ўқувчиларимиз учун бонус бўлади, — деди PIIMA директори Ҳилола Умарова.

Президент мактаблари, шунингдек, PIIMA тизимига кирмайдиган таълим муассасаларида таҳсил олмайдиган ва A-Level сертификатни қўлга киритиш истагида бўлган ўқувчилар ҳам A-Level имтиҳонлари учун рўйхатга олинади ва имтиҳон топширади.

Шунингдек, Президент мактаблари 9-синфни битирган ўқувчилар учун Халқаро ўрта таълим сертификати (IGCSE) имтиҳонларини ўтказиш имкониятига ҳам эга.