АОКАда ўтказилган брифингда Ихтисослаштирилган таълим муссасалари агентлиги ахборот хизмати раҳбари Жўрабек Жангиров 2023/2024 ўқув йили учун ўқувчиларни қабул қилиш юзасидан маълумот берди:

Ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларида қанақа йўналишлар ташкил этилади ва қайси синфларга неча нафар ўқувчилар қабул қилинади?

Ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлари 2 хил, яъни аниқ ва табиий фанлар йўналишида ташкил этилади.

аниқ фанлар йўналишига қабул 5 — 11-синфларга, табиий фанлар йўналишига 7 — 11-синфларга, кейинги ўқув йилларида 5 ва 7-синфларга амалга оширилади.

Ҳар бир синфга 24 нафардан ўқувчилар қабул қилинади.

Ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларига қачон ва қанақа ҳужжатлар топширилади?

Ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларининг танловида иштирок этиш учун хоҳиш билдирган ўқувчининг ота-онаси жорий йилнинг июнь ойида Агентликнинг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда қуйидаги ҳужжатларни топширадилар:

- талабгорнинг охирги 2 ой давомида тушган фотосурати;

- талабгор ва унинг ота-онаси (қонуний вакиллари)нинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари алоқа учун телефон рақами платформага киритилади.

Ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларига ҳужжат топшириш учун ўқувчининг баҳоларига қанақа талаб қўйилади?

Ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларига ҳужжат топширадиган талабгорнинг баҳоларига ҳеч қандай талаб қўйилмайди.

Ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларига имтиҳонсиз кириш имтиёзи борми, бор бўлса қандай имтиёзга эга бўлган ўқувчилар имтиҳонсиз кира олишади?

Рўйхати Агентлик томонидан тасдиқланадиган халқаро, минтақавий ёки асосий фан олимпиадаларининг учинчи (вилоят) босқичида ғолиб ва совриндор бўлган (1, 2, 3-ўринлар) умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари ўз ҳудудида жойлашган ихтисослаштирилган мактабларга умумий қабул параметрлари доирасида имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинади.

Шунингдек, Президент мактабларининг 5-синф кириш имтиҳонлари

2-босқичида иштирок этиб, ўқишга кира олмаган талабгорлар ҳужжат топшириш жараёнида ўз ҳудудидаги ўзлари танлаган ихтисослаштирилган мактаблардан бирида ўқиш истагини билдирган тақдирда квотанинг 50 фоизи доирасида баллар кетма-кетлиги асосида имтиҳонсиз мазкур ихтисослаштирилган мактабларга қабул қилинади.

Бунда, талабгорлар Президент мактабига саралаш имтиҳонларининг иккинчи босқич жавоблари эълон қилинган кундан бошлаб 5 (беш) иш куни давомида ихтисослаштирилган мактаб директори номига ўқишга қабул қилишни сўраб ариза билан мурожаат этишлари лозим.

Ўқувчи Республикадаги хоҳлаган Ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларига ҳужжат топшира оладими?

Ўқувчилар фақат ўзлари ўқиётган умумтаълим муассасаси жойлашган ҳудуд (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва Тошкент шаҳри)даги ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларга ўқишга қабул қилинади.

Шунингдек, Республиканинг турли ҳудудларидаги талабгорлар Агентлик тизимидаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги таянч ихтисослаштирилган мактабнинг 5-синфига ҳамда Мирзо Улуғбек ва Абу Али ибн Сино номидаги таянч ихтисослаштирилган мактабларнинг 7-синфига параллель равишда ҳужжат топширишлари мумкин.

Ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларига кириш имтиҳонлари қайси фанлардан ва қанақа тартибда ўтказилади?

Ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонлари қуйидаги фанлардан тест синови шаклида ўтказилади:

Аниқ фанлар йўналишида:

- математика (мантиқий фикрлаш) фани;

- физика фани (7-синф ва ундан юқори синфлар учун);

- инглиз тили фани;

Табиий фанлар йўналишида:

- биология фани;

- кимё фани (8-синф ва ундан юқори синфлар учун);

- математика фани;

- инглиз тили фани.

Кириш имтиҳоналарининг натижалари қачон эълон қилинади?

Кириш имтиҳонлари натижалари Агентлик томонидан оммавий ахборот воситаларида имтиҳон топширилган кундан кейин 20 кун мобайнида эълон қилинади.

Ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларида ўқиш учун пул тўланадими, ўқувчилар учун қандай шароитлар яратилган?

Ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларининг кириш имтиҳонларидан ўтган ўқувчилар тўлиқ бепул таълим олишади.

Ўқувчилар учун мактабда қуйидаги шароитлар яратилган:

-  Ихтисослаштирилган мактаб-интернатларида замонавий ётоқхона билан таъминланади,

- Ихтисослаштирилган мактаб-интернатларининг ётоқхонасида қоладиган ўқувчилар 1 кунда 5 маҳал бепул овқатланишади,

- дарсдан сўнг тўгарак машғулотларига жалб қилинади,

- турли хил спорт турлари (футбол, воллейбол, баскетбол, сузиш, теннис ва б) билан шуғулланишади;

- ўқувчиларга сунъий интеллект, робототехника, ИEЛТС, ТОЭФЛ ва САТ бўйича қўшимча курслар ташкил этилади;

- 10 ва 11-синфлар ўқувчиларининг амалиёти яқин ҳудудларда жойлашган ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ташкилотларида ўтказилади.

Ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларига қабул қилинган ўқувчилар қандай ҳолларда бошқа ҳудуддаги ихтисослаштирилган мактабларга ўқишини кўчириши мумкин?

Ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилари давлат ташкилотларида ишлайдиган ота-онасининг иш жойи битта ҳудуддан бошқа ҳудудга ўзгарган тақдирда, ўша ҳудуддаги ихтисослаштирилган мактабда бўш ўрин мавжуд бўлганда ўқувчининг ўқишини кўчиришга рухсат этилади.

Қўшимча маълумотлар:

Умумтаълим муассасаларининг тегишли синфларида ўқишни тўлиқ тамомлаган талабгорлар Ихтисослаштирилган мактабларнинг шундай синфида такроран ўқишни талаб қилиш ҳуқуқига эга эмаслар.

  Қуйидаги ҳолатларда ҳужжатларни қабул қилиш рад этилади:

- белгиланган муддатлардан кейин саралаш танловида иштирок этиш хоҳишини билдирган тақдирда;

- талабгор таҳсил олаётган мактабнинг ҳудудий мансублиги Ихтисослаштирилган мактабининг ҳудудий мансублигига мос келмаган ҳолда;

- ихтисослаштирилган мактабга кириш имтиҳонларидан ўтиш учун тегишли ҳужжатларни тўлиқ тақдим этмаганда.

  Ҳужжатларни тақдим этиш пайтида кўрсатиб ўтилган маълумотларнинг тўғрилиги бўйича масъулият талабгорнинг ота-онасига (қонуний вакилларига) юклатилади.

Кириш имтиҳонлари такроран ўтказилмайди.

Кириш имтиҳонлари натижалари қайта кўриб чиқилмайди. Кириш имтиҳонлари натижалари бўйича имтиҳон материаллари талабгорларга тақдим этилмайди.