Янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш борасида ҳам улкан қадамлар қўйилмоқда. Янги-янги замонавий корхоналар, коммуникация тармоқлари, шинам уй-жойлар, таълим, тиббиёт, маданият ва спорт объектлари барпо этилмоқда.
Келгусида бундай қурилишлар кўлами янада кенгайтирилиши таъкидланди.
«Ушбу файзли тонгда миришкор деҳқон ва фермерларимизга барчамиз юксак ҳурмат ва эҳтиром билдирамиз.
Сиз, азизларнинг элимиз дастурхонини янада тўкин ва фаровон қилишдек эзгу ишларингизда зафар ва омадлар тилаймиз. Чунки сизларнинг олижаноб меҳнатингиз билан халқимизнинг ризқу насибаси бутун бўлади. Бу борада давлатимиз, жамиятимиз сизларни доимо қўллаб-қувватлайди», – деди Президентимиз.
Янги Ўзбекистон мамлакатимиз ёшлари учун юксак парвозлар, катта-катта ғалабалар майдонига айланиб бормоқда. Ҳар бир йўналишда – таълим, илм-фан, маданият ва санъат, спорт, ахборот технологиялари ва бизнес соҳаларида янги номлар, янги қаҳрамонлар пайдо бўлмоқда. Мана шундай билимли, жўшқин ва изланувчан ўғил-қизлар билан барчамиз ҳақли равишда фахрланамиз.
«Азиз фарзандларим, бугун Учинчи Ренессанс бунёдкорлари бўлишдек улкан бахт ва юксак шараф сизларга насиб этмоқда. Қанча-қанча аждодларимиз интилиб яшаган шу буюк орзуни рўёбга чиқаришга сизлар, шубҳасиз, қодирсиз.
Бугунги тинч ва осойишта ҳаётнинг, яратилган катта имкониятлар, ота-оналар, устоз-мураббийларингиз меҳнатининг қадрига етиб, тинимсиз ўқиб-ўргансангиз, билим ва маҳоратингизни доимо ошириб борсангиз, келажак, албатта, сизникидир.
Бу йўлда сизларга, бутун Ўзбекистон ёшларига яна қандай шароит зарур бўлса, барчасини яратиб беришга тайёрмиз. Ватан учун, миллат учун, халқ учун деб яшасангиз, Ватан ва халқ ҳам сизни эъзозлаб, бошига кўтаради!
Янги Ўзбекистоннинг олтин авлоди бўлиб, унинг зафар байроғини баланд кўтаришдан ҳеч қачон тўхтаманг, азиз фарзандларим!» – деди давлатимиз раҳбари.