Президентимиз имзолаган фармойишга асосан менга давлатимиз раҳбарининг миннатдорчилик хатини топширишди. “Энг яхши солиқ тўловчи” деган номга муносиб топилганимдан, эътироф этилганимдан хурсандман. Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида вилоят студиясидан туриб қатнашдим.

Учрашувда Юртбошимиз “Биз доимо изланиб, янгиликка интилиб яшайдиган тадбиркорларимизни  ўз ишига фидойи ва жонкуяр, ватанпарвар инсонлар деб биламиз ва уларни қадрлаймиз. Айниқса, мураккаб пандемия давридаги синов ва қийинчиликлар пайтида ҳам  халқимизга мададкор бўлиб, ўз бизнесини нафақат сақлаб қолган, балки янги иш ўринларини яратиб, муҳтожларга кўмак бераётган ҳамда ишлаб чиқариш ва экспортни оширган тадбиркор дўстларимга бугун чин қалбимдан раҳматлар айтаман”, дея бизни ўзига яқин олгани барчамизга мамнунлик бағишлади.

Қўшма корхонамиз 2016 йилда ташкил этилган. Компаниямиз қисқа муддатда Ўзбекистон бозорида етакчи ўринни эгаллади. Бугунги кунда эса “Chortoq” брендли минерал сув сифати, таркиби, таъми ва фойдали хусу­сиятлари туфайли истеъмолчиларнинг эътирофини қозонди. Чортоқ суви ошқозон-ичак тракти, жигар, ўт йўллари, ошқозон ости бези ва диабет касалликлари, шунингдек, йод танқислиги касалликларини даволаш учун ишлатилади. Бу маъданли сувнинг инсон организми учун фойдали хусусиятлари бисёр. 

Голландиянинг Buncra BV компанияси ва маҳаллий таъсисчиларнинг инвестициялари билан минераллаштирилган манба жойлашган ерда 0,5 ва 0,33 литр ҳажмли шиша идишларга сув қуйиш заводи қурилди. Корхонада халқаро сифат ва озиқ-овқат хавфсизлиги стандартларига жавоб берадиган энг замонавий ускуналар ўрнатилган.

Мамлакатимиз раҳбари 2019 йил 28 февраль куни ­Наманган вилоятига ташрифи чоғида Чортоқ туманига келиб, корхонамиз қувватини кенгайтириш лойиҳаси билан танишганди. Шишага сув қадоқлашни йилига 20-30 миллион донагача ошириб, уларни юртимиздаги барча боғчалар, ёзги оромгоҳлар, шифохоналар, ижтимоий дорихоналар, супермаркетларга етказиб бериш зарурлигини таъкидлаган.

Ҳозирда бир ойда 2 миллион шиша, бир йилда эса 24 миллион шиша идишда минерал сув қадоқлаяпмиз. Маҳсулотларимиз Хитой, Россия, Жанубий Корея, Беларусь, Мўғулистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон каби ўнга яқин хорижий мамлакатларга экспорт қилинади. 2021 йил бошидан бери ўтган 7 ой давомида жами 8 миллиард сўм солиқ тўладик ва йирик солиқ тўловчи мақомига эришдик. Даромадимиз ҳам шунга яраша, рақобатга эса ҳамиша тайёр турамиз.

Доимо интилишдамиз ва янгилик қилишдан, хизмат кўрсатиш объектларидан маъданли ичимликни тарғиб этишдан тўхтамаймиз. Хабарингиз бор, шу йил Наврўз айёмида шиша идишимиз ёрлиғини баҳорий кўринишга ўзгартирдик ва бу кўнгилдагидек самара берди, харидорларга яхши кайфият улашди. Энди эса маҳсулотимизни Ўзбекистонимиз истиқлолининг 30 йиллик юбилей санасига ҳам энг улуғ, энг азиз байрамга хос ёрлиқ ёпиштирилган ҳолда 30 августдан сотувга чиқарамиз. Ёрлиқда Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларимиз рамзлари ҳудудларга мўлжалланган ҳолда акс этади.

Президентимиз очиқ мулоқот давомида солиқ ставкалари билан боғлиқ мурожаатга қарата жавоб бера туриб, шуни алоҳида таъкидладики, тадбиркорлар инвестиция миқдоридан келиб чиқиб, олдинроқ мол-мулк, ер ва сув солиқларидан 10 йилгача озод қилинган эди. Энди ушбу имтиёзларга фойда солиғи ҳам қўшилади ва корхоналар ихтиёрида йилига қарийб 300 миллиард сўм маблағ қолади. Берилаётган мазкур имтиёзлар бизни жуда руҳлантириб юборди. Келгусида ушбу имтиёзларга жавобан янада яхшироқ ишлаймиз ва давлатимиз хазинасига яна кўпроқ солиқ тўлаймиз.

«Янги Ўзбекистон» газетаси мухбири

Орифжон ЖЎРАЕВ ёзиб олди.