Учрашувда Президентликка номзод Нарзулло Обломуродов ўз сайловолди дастурининг муҳим йўналишлари билан сайловчиларни таништирди.
Мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, “яшил” иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш, қайта тикланувчи ва муқобил энергияни ривожлантириш ҳамда иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш асосий вазифалардан бири эканлиги таъкидланди. “Яшил тараққиёт – фаровонлик асоси!” шиори остида экологик барқарор ривожланишга йўналтирилган “яшил” сиёсатни ҳаётга татбиқ этиш бўйича бир қатор ғоялар илгари сурилаётганлигига эътибор қаратилди. “Яшил” энергетика, “ақлли” қишлоқ хўжалиги тамойилларини татбиқ этишнинг самаралари мисоллар ёрдамида тушунтириб берилди.
Номзоднинг "Мўйноққа мадад" лойиҳаси ва бошқа эколойиҳалар доирасида амалга оширган кенг қамровли фаолияти акс этган видеороликларни сайловчилар катта қизиқиш билан томоша қилди.
— Иқлим ўзгаришларига мослашиш, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи ҳудудини янада ривожлантириш борасида дастурий вазифаларимиз бор, – дейди Н. Обломуродов. – Минтақамизда иқлим ўзгаришининг асосий омили бўлган Орол денгизининг экологик фалокати оқибатларини юмшатишга қаратилган инновацион лойиҳаларни амалга ошириш орқали Оролбўйи минтақасида экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилашга эътибор қаратилади.
Сайловолди дастурдан ўрин олган давлат ва жамият бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизимида ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан ва маданий-маърифий соҳаларни янада ривожлантириш масалалари хусусида сўз юритилди.
Номзод Нарзулло Обломуродов сайловчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берди.
Сайловолди дастур юзасидан фикр-мулоҳаза билдирган сайловчилар вакиллари номзодни қўллаб-қувватлаб, 24 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Нарзулло Обломуродовга овоз беришга чорладилар.