1998 йилдан буён йилда икки марта ўтказиб келинадиган «Pure London» халқаро кўргазмаси Европанинг энг йирик мода ва дизайн кўргазмаларидан биридир. Жорий йилги кўргазма ҳам дунёнинг 800 дан ортиқ брендлари ва кутьюреларини ўзида жамлади. Мамлакатимиз чарм-пойабзал ва мўйначилик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилари мода саноати мутахассисларига аёллар, эркаклар ва болалар пойабзаллари, чарм-атторлик буюмлари ва аксессуарлари ҳамда чарм маҳсулотларини тақдим этди. 10 дан ортиқ корхоналаримизнинг 100 га яқин турдаги маҳсулотлари жаҳон кийим-кечак, пойабзал ва аксессуарлар дизайнерлари, ритейлерлар, кутьюрелар, машҳур брендлар, танқидчилар ва шоу-бизнеснинг таниқли шахслари эътибори марказида бўлди.
Бир неча йиллардан буён Handmade усулида чарм-атторлик буюмлари, аксессуарлар ишлаб чиқариб келаётган «The Black Quail» бренди мазкур кўргазмада ўзбек халқининг маданияти гўзалликларини, ва бой анъаналаримизни очиб берди. Айнан шу жиҳат халқаро ҳамкорларни бренд билан музокаралар столига чорлади. Экспорт, янги буюртмалар, дизайн масалалари атрофлича муҳокама этилди. Хусусан, корхона Буюк Британиянинг «TEEFAMM» компанияси билан музокара ўтказди. Мазкур Британ бренди асосан аёллар ва эркаклар учун мўлжалланган эксклюзив пойабзал, чарм-атторлик буюмлари савдоси билан шуғулланади. Мулоқотда Британ компанияси «The Black Quail» томонидан ишлаб чиқарилган сумка ва аксессуарларнинг Лондонда савдосини йўлга қўйиш, эксклюзив чарм-атторлик буюмларини экспорт қилиш бўйича ўз ташаббусини билдирди. Шунингдек, Франциянинг «Promostyl» компанияси ҳам маҳаллий чарм-атторлик буюмларимизни харид қилиш бўйича Ўзбек корхонаси билан самарали мулоқотларга киришди.
Кўргазма доирасида нафақат чарм-атторлик буюмларига балки, чарм маҳсулотларимизга, чармдан тайёрланган устки кийимларга ҳам қизиқиш юқори бўлди. Жумладан Полшанинг «La Fenice» компанияси Ўзбекистонда ишлаб ишлаб чиқарилган чарм курткаларнинг онлайн савдосини йўлга қўйиш бўйича таклиф билдирди. Бу энг аввало маҳаллий корхонамизга Европа иттифоқи бозорларига ўз маҳсулотларини тез намойиш қилиш имконини беради. Шунингдек, Европа Иттифоқи давлатлари билан экспорт-импорт шартномаларини имзолаш учун платформа бўлиб хизмат қилади. Боиси айнан «La Fenice» компанияси томонидан тақдим этилган маҳсулотлар Франция, Италия, Германия каби йирик давлатларнинг машҳур брендлари савдо тармоқларида сотилади. Полшанинг яна бир компанияси «Galant» ҳам Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ёрлиғи остидаги чарм-атторлик буюмларини харид қилишга катта қизиқиш билдирди. Манфаатли келишувларга эришилди.
Шунингдек, чарм-пойабзал соҳасидаги нуфузли халқаро ташкилотлар хусусан, Халқаро тери ишлаб чиқарувчилар кенгаши (ICT), Халқаро мўйна федерацияси (IFF) ва Northampton университети билан учрашувлар бўлиб ўтди. Мулоқотларда талабаларни ўқитиш бўйича таълим алмашув дастурини амалга ошириш, чарм-пойабзал соҳасида халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, халқаро стандарт ва сертификатларни жорий этиш, жаҳон тажрибасини мамлакатмиздаги корхоналарда қўллаш бўйича масалалар муҳокама этилди.
Халқаро кўргазма доирасида нафақат тақдим этилган брендларнинг янги коллекциялари билан танишиш ва фойдали шартномалар тузиш, балки мода индустриясининг таниқли вакилларининг ўз брендини тарғиб этиш ва уни олиб кириш бўйича маърузаларида қатнашиш имкони яратилди. Учрашувларда халқаро бозорга кириш, муваффақиятли компания имиджини яратиш каби масалалар муҳокама этилди. «Pure London» халқаро мода кўргазмаси мамлакатимиз чарм-пойабзал корхоналари учун манфаатли шартномалар имзолаш ва Европадан янги ҳамкорлар топиш учун муҳим бизнес майдони бўлиб хизмат қилди, деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.