Россия Президенти Владимир Путин АҚШга Россия ҳудудида нодир тупроқ металларини қазиб олиш соҳасида ҳамкорликда ишлашни таклиф қилишга тайёрлигини маълум қилди, деб хабар беради dw.com.

У, шунингдек, мамлакатлар альюминий ишлаб чиқариши мумкинлигини айтди: “Биз бу соҳада Америка компаниялари билан ҳамкорлик қилиш ҳақида ўйлашимиз мумкин. Масалан, Красноярск ўлкасида Совет даврида янги гидроэлектростанция қуриш ва қўшимча альюминий ишлаб чиқариш қувватларини яратиш режалари бор эди”, деди у 24 февраль, душанба куни Россия давлат телеканали ВГТРК мухбири Павел Зарубин билан суҳбатда.

Россия Президентининг таъкидлашича, ушбу лойиҳа “инвестицион” бўлиши мумкин. “Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, у бугунги нархларда 15 миллиард доллар атрофида бўлган ёки бўлади. Лекин биз бу ҳақда ўйлаб кўришимиз мумкин”, деб тушунтирди у.

Россия Федерациясидаги нодир металлар ҳақида гапирар экан, Путин бугунги кунда мамлакатда уларни ўзлаштириш бўйича етарли ишлар қилинмаётганини тан олди. “Нодир, ноёб тупроқ металлари иқтисодиётнинг замонавий тармоқлари учун жуда муҳим таркибий қисм, жуда муҳим манба ҳисобланади. Ва биз ҳозирча бу йўналишда кам иш қиляпмиз. Биз кўпроқ иш қилишимиз керак”, деди у.