– Бу қорахонийлар тангаси, юпқа ва текис. Қорахонийлар даврида иқтисодий инқироз авж олган, металл қиммат ва танқис эди, – дея изоҳлайди  музей илмий ходими Авазбек Позилжонов. –  Аммо шунга қарамай, усталар битта тангага 30 тагача сўз зарб қила олган. Бу сўзлар Қуръондан олинган сурага оид бўлиб, одамлар Муҳаммад пайғамбар ўгитларини доим ёдда сақлаши учун шундай қилинган.

Музей ходимларининг хабар беришича, 180 дона шундай тангадан иборат хазина Хўжаобод туманида ариқ қазиш чоғида топилган. Бу топилма Андижон музейининг ноёб коллекциясидан жой олган.

Айни пайтда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU)  “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумидаги ноёб, энг нодир экспонатлар тасвирланган китобни яратиш устида ишлаяпти. Китоб олтита бўлимдан иборат бўлиб, унда музейда сақланаётган археологик, нумизматик, бадиий-ҳунармандлик коллекциялари, қўлёзма мероси, тасвирий санъат дурдоналари ҳақида батафсил сўз юритилган. Ўқувчилар ушбу қадимий артефактлар тарихини ўрганиш ва уларнинг расмларини томоша қилиш имкониятига эга бўлишади.

Тасаввур қилинг-а, Ўзбекистон ҳудудида 1 миллион йил аввал ҳам одамлар яшаган. Археологик тадқиқотлар бизнинг ҳудудимиз антропогенез марказлардан бири экани,  бу манзилда одам зоти жуда қадимдан яшаб келаётганини дадил тахмин қилиш имконини беради.

Бизнинг узоқ аждодларимиз қандай яшаган? Улар нима билан шуғулланган, нимага меҳр қўйган, маданияти, анъаналари қандай ривожланган? Антик давр сирлари билан танишиш, палеолит, мезолит, неолит ва энеолит даврларидаги одамларнинг ҳаёти, урф-одатлари, эътиқодлари ҳақида кўпроқ маълумот олиш мумкин бўлади.

Бундан ташқари, мазкур китобдан Андижон вилояти ҳудудида кулолчиликнинг ривожланиш, темир ишлаб чиқариш ва металлга ишлов бериш тарихи, тикувчилик ва гиламдўзлик ривожи, ёғоч ўймакорлиги ва манзарали наққошлик, миллий каштачилик, хаттотлик ва миллий кийим-кечак санъати турлари ҳам ўрин олган.

Китоб-альбом ташаббускори, санъатшунослик фанлари номзоди Шаҳло Абдуллаева нашрнинг мазмун-моҳияти, музейнинг ноёб экспонатлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, музейнинг нумизматик, қўлёзма фондларининг энг нодир экспонатлари, бадиий ва ҳунармандлик коллекцияларини нашр этиш режалаштирилган.

Маҳмуд Замахшарий томонидан ҳижрий 809/1407 йилда ёзилган “Тафсири Кашшоф”нинг иккинчи жилди, Шайх Абу Толиб ал-Маккий қаламига мансуб 908 саҳифадан иборат “Қувтул кулуб” асари, Темурийлар даврининг машҳур олимларидан бири, араб тили, нутқ ва мантиқ фани ўқитувчиси Мир Саййид Шариф Журжоний қўлёзмаси фонддаги қадимий нодир асарлар ҳисобланади.

Жамғарманинг ноёб қўлёзмалари сифатида 1937 йилда машҳур хаттот ва мусаввир Мирзо Иброҳим Субҳий томонидан қайта ёзилган 54 бетлик “Девони Одам”, 20 бетлик “Девони Маҳмуд”, 160 бетлик “Девони афғон”ни алоҳида қайд этиш мумкин.

– Бу китоблар нафис безаклари билан ҳам эътиборни тортади, – дейди Шаҳло Абдуллаева. –  Шу билан бирга, Шарқ адабиёти санъатининг кўзгуси сифатида хаттотлик ва қўлёзма китобларнинг ўлмас анъаналари XX асрда ҳам йўқолмаганига ёрқин мисолдир.

Музейнинг ноёб ва нодир экспонатларидан бири XX аср бошларида андижонлик ҳунарманд томонидан яратилган чойшаб саналади. Унга Шарқ халқларининг ўрта асрга мансуб лирик сатрлари ҳам битилган:

Эй нигорим ҳусн ичида сен каби жонона йўқ,

Шамъи рухсоринга куйган мен каби парвона йўқ,

Ишқинг бошима сабру қарорим қолмади мани,

Тоқат эткали бир ошиқи жонона йўқ...

Бу каби кўплаб экспонатлар миллий музей коллекцияларига бағишланган китоб-альбомни янада бойитган. Экспонатлар ҳақидаги қизиқарли матнларни музей илмий ходимлари Авазбек Позилжонов ва Искандар Мадғозиев тайёрлаган.

Роҳатой МУҲАМЕДОВА,

Андижон вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари