Ховос туманининг «Қаҳрамон» ва «Бинокор» маҳаллалари туман марказидан анча олисда жойлашганлигига қарамай, сектор ходимлари бу ҳудудлардан қадамини узмайдилар. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан бугун ушбу маҳаллаларда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

«Қаҳрамон» маҳалласида узоқ йиллар бурун барпо этилган ва яқинлар кунларгача абгор ҳолатга келиб қолган икки қаватли уйлар оқланди. Тор ва қинғир-қийшиқ, ўйдим-чуқур кўчалар кенгайтирилиб, шағаллар ётқизилди. Маҳалладаги мактаб ва маданият муассасалари сайқаллаштирилди. Болаларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун уларга қулай шарт-шароитларни яратиб бериш мақсадида “street workout” спорт майдончаси барпо этилди.

Аҳоли яшаш хонадонларининг кўркам қиёфа кашф этиши, фаровон турмуш учун барча қулайликларнинг яратилиши фуқароларимиз кўнглида эртанги кунга янада ишонч пайдо қилгани шубҳасиздир.

— Маҳалламиздаги мавжуд 26 та икки қаватли уйларнинг 18 таси обод қилинди, — дейди «Қаҳрамон» МФЙ раиси ўринбосари Нафиса Усмонқулова. — маҳалламиз номидан 4-сектор раҳбариятига ташаккур билдираман.

Маҳалла марказидаги 10-мактаб биноси 1981 йилда барпо этилган бўлиб, жорий таъмирга муҳтож бўлиб қолган эди. 700 га яқин ўқувчиларни қучоғига олган ушбу мактабда ҳавас қилса арзигулик ишлар бажарилди.

— 4-сектор томонидан Мактабимиз деворларининг ички ва ташқи кўринишларига ранглар берилди, томлари янгиланди, — дейди мактабнинг рус тили фани ўқитувчиси Фотима Абдиева. — Ошхонамизга стол-стуллар келтирилди, спорт зали, ўқувчиларнинг кийим алмаштириш хоналари таъмирлаб берилди.

«Қаҳрамон» маҳалласидан бир неча чақирим узоқликда жойлашган «Бинокор» маҳалласи Ховос туманининг энг чекка аҳоли манзили ҳисобланади. Бугун мазкур маҳалланинг қиёфаси тубдан ўзгартирилиб, янгича замонавий кўринишга келтирилмоқда. Маҳалла ўрта қисмидан ўтган катта ариқнинг икки томонидаги йўлакларга шағал ташланиб, бетон қопламалар билан ёпилмоқда.

Яқинда қуриб битказилган “street workout” спорт майдончаси аллақачон болаларни ўз бағрига чорлаб улгурди. Ҳозирда унинг ёнида бунёд этилаётган мини-футбол сунъий майдони ҳам яқин келажакда ишга туширилса, спортга иштиёқманд ёшларнинг кўпайишига хизмат қилиши тайин. Сал нарироқда 30 сотихли майдонда барпо этилаётган иссиқхона 30 нафар ёшларнинг истиқболи учун кўзлаб қилиняпти. Бундан ташқари:

— Маҳалламизнинг 87 нафар ёшларига 50 сотихдан ер майдонлари ажратиб берилди, — дейди «Бинокор» МФЙ раиси Бахтиёр Шодмонқулов. — ҳозир улар ўз экин маҳсулотларини экиб, бандлиги таъминланган.

Ободлик бор жойда, файзу барака, ривожланиш бўлади. Муҳими, бу хайрли ишлар якунига етказилса, аҳолини бир неча йиллардан бери қийнаб келаётган масалалар ечилади, инсонларнинг ўз ҳаётига бўлган ишончи юксалиб, яшашга, келажакка бўлган интилиши кучаяди.

Ҳусан ИСОҚУЛОВ,

Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бош инспектори