2022 йил давомида асрашга доир ишлар амалга ошириладиган моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг манзилли рўйхати тасдиқланди.
Унга кўра, ушбу рўйхатдан жами 34 та маданий мерос объекти ўрин олган ва уларни таъмирлаш-тиклаш ишлари учун жами 75 млрд. сўм сарфланиши режалаштирилган. Анъанавий равишда ҳар йили республика бўйича авария ҳолатидаги ёки эътибордан четда қолган маданий мерос объектларини реставрация ва таъмирлаш-тиклаш ишлари учун миллий рўйхат шакллантирилади.
Хусусан, жорий йилги рўйхатга кўра, кўплаб танқидларга сабаб бўлган Баҳодир Ялангтўшбий мадрасаси, Талипоч қалъа қолдиқлари, «Улуғбек» мадрасаси, Амир Олимхон мадрасаси, Кўк гумбаз, Оқ Сарой, Ислом Хўжа ёзги қароргоҳи, Чодра ҳовли каби объектларда реставрация ишлари олиб борилиши режалаштирилган.
Шунингдек, Бухоро «Арк» қўрғони мажмуасидаги Қушбеги, Саисхона, Саломхона, Тахтхона маданий мерос объектларида таъмирлаш тиклаш ишлари олиб борилади. Энг эътиборга молик лойиҳалардан бири эса — «Арк» қўрғони мажмуаси вайроналари қисмида «Археологик парк» ташкил қилиш бўлиб турибди. Бухоро шаҳридаги «Масжиди Калон» (Пои Калон мажмуаси) қулаб тушган қисмлар ва таъмирталаб деворларини таъмирлаш-қайта тиклаш, атрофини ободонлаштириш ишларини ҳам 2022 йилнинг ИВ чорагида амалга ошириш режалаштирилган.
Таъкидлаш жоиз, моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларида амалга ошириладиган асрашга доир ишлар учун зарур бўлган маблағлар миқдори лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида аниқланади. Асрашга доир ишлар тегишли Маданий мерос объектлари реставрация дирекцияси томонидан амалга оширилади.
Зарур ҳолларда, мазкур манзилли рўйхатга Маданий мерос агентлиги таклифлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси хулосасига кўра Бош вазир ўринбосари – туризм ва маданий мерос вазири томонидан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.