Юртимизнинг йирик саноат корхоналаридан бири — Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан ҳам ишчи-ходимларнинг муносиб турмуш кечириши учун салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Нафақат ходим, балки унинг оила аъзоси саломатлиги ҳам назоратда

Киши соғлом бўлса, ишида унум, вақтида барака бўлади. Комбинатда фаолият юритаётган ҳар бир ишчи-ходимнинг саломатлиги қатъий назоратга олинган. Нафақат ишчи-ходимлар, балки уларнинг оила аъзолари ҳам вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказилади, ўз саломатлигини тиклаб, даво муолажалари олиши учун шароит яратилади.

Олмалиқ кон-металлургия комбинати санаторий-профилакторийсида комбинат ишчи-ходимлари ҳамда уларнинг оила  аъзолари саломатлигини тиклаш, профилактик муолажалар олиши учун барча имконият бор. Санаторий-профилакторий 210 ўринга мўлжалланган бўлиб, бу ерда хизмат қилаётган 110 нафар малакали тиббиёт ходими уларнинг саломатлигини қатъий назорат қилади.

— Дам олувчилар учун балчиқ, озокерит ва турли частотадаги токлар билан даволаш, лазеротерапия, галотерапия, гидроаэроионизация, лимфодренаж, прессотерапия, турли массажлар, умуртқа поғонасини тракцион тортиш каби муолажа турлари қўлланилади, – дейди санаторий-профилакторий физиотерапевти Умида Умарова. – Ўтган йили тиббиёт маскани капитал таъмирдан чиқарилди. Шароитлар жаҳон стандартларига мос. Сиҳатгоҳда дам олувчиларнинг нафақат жисмоний саломатлигини тиклашига, руҳий ҳолати ҳамда соғлом овқатланишига ҳам алоҳида эътибор қаратамиз. Бу ерда ишчи-ходимлар ва оила аъзоларининг сурункали касалланиши олдини олиш учун мунтазам даво муолажалари ўтказилади.

Олмалиқ шаҳридаги мазкур санаторий-профилакторий ҳамиша одамлар билан гавжум.
— Турмуш ўртоғим Абдумалик Анорбоев йигирма бир йилдан буён ОКМКда ишлайди, — дейди 57 ёшли Инобат Анорқулова. — Тўрт фарзандимиз бор, уларнинг барчаси отаси билан бирга ишлайди. Шу комбинат рўзғоримизни бут, хонадонимизни файзиёб қилиб турибди. Катта ўғлимга ҳовли қуриб, рўзғорини алоҳида қилдик. Қизларни турмушга узатдик. Ҳар бирига машина олдик. Хизматлари масъулиятли, маош ва эътибор ҳам шунга яраша. Ҳар йили нафақат комбинат ишчилари, балки биз — оила аъзоларининг ҳам саломатлигимизни тиклаш, профилактик муолажалар олиш учун юртимиздаги турли дам олиш масканларига йўлланмалар ажратилади. Айни пайтда ОКМКга қарашли санаторийпрофилакторийда дам оляпман. Яратилган шароитлардан кўнглингиз яйрайди.

“Уйли бўлдим — ўйим кетди"

Олмалиқликларнинг айтишича, шаҳардаги “Мустақилликнинг 27 йиллиги” даҳаси бир вақтлар қаровсиз ер бўлган.

Ушбу даҳада ОКМК томонидан 408 та хонадондан иборат  10 та 7 қаватли  уй ҳамда мактабгача таълим ташкилоти қуриб фойдаланишга топширилди. ОКМК бошқарув кенгаши қарорига мувофиқ, мазкур уйлар комбинатда узоқ йиллар давомида ишлаб келаётган, уй-жойга муҳтож, кўп фарзандли ҳамда кам  таъминланган ишчи-ходимларга, шунингдек, ёш мутахассисларга ажратилди.

— Бу йўналишда ишлар давом эттирилган ҳолда, ишчи-ходимларнинг ижтимоий манфаатини кўзлаб, айни пайтда комбинат томонидан шаҳримизда яна 8 та 16 қаватли уй қурилмоқда. Ушбу уйлар ҳам комбинат ишчи-ходимларига берилиши кўзда тутилган, — дейди ОКМК ижтимоий бўлими бошлиғи ўринбосари Адҳам Ғаффоров.

Замонавий ва шинам уйлар 388 оиланинг уй-жойга бўлган талабини қондирди. Қолган 20 хонадон ҳам хизмат уйи сифатида ишчилар ихтиёрига берилган.

Салтанат АБДУСАТТОРОВА:

— Оиламиз кончилар оиласи, десам муболаға бўлмайди. Қайнонам 25 йил давомида комбинатда меҳнат қилган. Айни пайтда меҳнат фахрийси сифатида кексалик гаштини сурмоқда. Турмуш ўртоғим Зокир Абдусатторов Тошкент давлат техника университетини тамомлаб, 10 йилдан буён комбинатда ишлайди. Ўзим ҳам асли кончиман. Навоий давлат кончилик институтида таҳсил олдим. Ниятим —  ўз соҳам бўйича ишлаш, эл-юрт корига яраш. Энг қувонарлиси, шу соҳа ортидан ўз ватанимизда кичик ватанга эга бўлдик.

Комбинат томонидан ёш оила сифатида бизга ҳам уй ажратилди. Дастлаб уй умумий суммасининг 15 фоизини тўладик. Қолганини 15 йил давомида тўлаб борамиз. Маошдан ушлаб қолингани боис, бизга қийинчилик сезилгани йўқ. Ишчи-ходимларга яратилган энг катта имконият шу бўлдики, уй фоизли кредит эвазига эмас, бўлиб тўлаш шарти билан фоизсиз берилди. 3 хонали хонадонимизда, кўриб турганингиздек, барча шароит муҳайё. Оилавий поликлиника, ёшлар боғи, мактабгача таълим ташкилоти ва мактаб, спорт мактаби, бозор — ҳаммаси ҳудудимизга яқин. Аввал фикру ўйимиз уй олишда эди. Фарзандларимиз улғая бошлагач, отаонанинг ўйи шу бўлиб қолар экан. Турмуш ўртоғим ишдан чарчаб келиб ҳам “уй олишимиз керак”, деган ташвишда ўтирарди. Мана, энди уйли бўлдик — ўйимиз кетди.

Комбинатнинг ходими Бахтиёр Жўраев ҳам икки хонали уйга эга бўлди. Бахтиёр комбинатдаги иш фаолиятини мис бойитиш фабрикасида электр пайвандловчи сифатида бошлаган. Сўнг чиқинди тозалаш цехида механикликка ўтказилди. Томск политехника университетида таҳсил олиб қайтгач, 2-майдалаш цехида таъмирлаш механиги сифатида яна хизматини давом эттирди. Касби ҳаётининг мазмунига айланган Бахтиёр бошқа касбда ўзини тасаввур қила олмайди.

Бахтиёр Жўраев ҳам 2020 йили оиласи билан янги уйга кўчиб ўтди. Оила боши ҳам, бека ҳам хонадонда улғаяётган болалар ҳам шароит ва имкониятлардан мамнун.

“Уйдан боғчагача — бир қадам

Янги уйли бўлишнинг гашти ўзгача. Уйли бўлсангиз-у, фарзандларингизнинг боғча ва мактабга қатнашида муаммо бўлмаса, нур устига — нур. Даҳада яшовчи ишчи-ходимларда шундай шароит бор. Чунки уларнинг уйидан боғчагача йўл — бир қадам.

Комбинат ишчи-ходимларининг фарзандларига бугунги кунда 16 та мактабгача таълим ташкилоти хизмат қиляпти. Шунингдек, комбинат ишчи-ходимларининг фарзандларига ёзги таътил вақтида бўш вақтларини мазмунли ўтказиши учун болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолияти ҳам йўлга қўйилган бўлиб, бу йилги мавсумда ушбу оромгоҳларда жами 3000 дан ортиқ бола дам олди.

Ҳудуддаги 2-мактабгача таълим ташкилотида салкам 80 дан ортиқ бола тарбияланмоқда. 4 та гуруҳ, 4 нафар тарбиячи ҳамда шунча ёрдамчи тарбиячи, психолог, дефектолог, ҳамшира ва ошпазлар кичкинтойларнинг таълим-тарбия олиши учун астойдил ҳаракатда.

“Биздан талаб қилинадигани — ўз тажрибамизни ватанимизда қўллаш”

ОКМК бош энергетики Даврон Шербеков Бекобод шаҳрида туғилган. Тошкент давлат техника университетида электр энергетикаси йўналиши бўйича таҳсил олган. Амалий фаолиятини Ўзбекистон металлургия комбинатида бошлаган. Энергетика ва автоматика тизимини чуқур ўрганиш, ўз тажрибасини ошириш мақсадида Германиянинг пойтахтимизда жойлашган компаниясига ишга ўтган. Компаниядаги иш жараёнида Россия ва Қозоғистондаги йирик инвестицион лойиҳаларда иштирок этган. 2011 йил бошида Германияга ишга таклиф қилинган. Салкам 10 йил давомида мазкур давлатда лойиҳалашдан то маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнда муҳандис сифатида фаолият юритган.

— Ўз юртим ривожига муносиб ҳисса қўшиш истаги уйғонди. Шу сабаб Германиядан Ватанимга қайтдим, — дейди Д. Шербеков. — ОКМК — катта ташкилот. Менга масъулиятли вазифа юклатилди, шунга яраша маош ваъда қилишди. 3 хонали уй совға сифатида берилди, машина ажратилди. Биздан талаб қилинадигани — ўз  тажрибамизни ватанимизда қўллаш, соҳани ривожлантириш. Энг муҳими, яқинларим билан биргаман. Бу туйғу эса инсонга битмас-туганмас қувват беради. Ўн беш йилдан ортиқ иш фаолиятим давомида турли инвестицион лойиҳаларда иштирок этганман. Уларнинг энг қиммати 400 миллион долларни ташкил қилган. Ўзбекистонда айни пайтда қурилиши бошланган 3-мис бойитиш фабрикасининг лойиҳа қиймати эса 2 миллиард долларга баҳоланмоқда. “Аср лойиҳаси” деб эътироф этилаётган мазкур лойиҳани амалга оширишда қатнашаётганим мен учун катта бахт.

Комбинат тизимидаги ишчи-ходимлар билан суҳбатлашар эканмиз, ҳар бирининг қалбида айтмоқчи бўлган изҳорлари, хушхабарлари, қувончлари борлигини сездик. 
 

Башорат ЮНУСОВА,
"Янги Ўзбекистон"  мухбири