Шундай устозларимиздан бири, институтимиз аҳил жамоасининг қалбидан муносиб жой олган ғамхўр мураббий, билимдон олима, ажойиб суҳбатдош, аёллардан Ўзбекистонда тўқимачилик соҳасида биринчи академик, камтарин инсон, муҳтарама онахонимиз Мақсуда Ходжиновадир. Унинг қилган кўп яхшиликлари ҳали-ҳамон ёдимиздан чиққани йўқ. У киши Фанлар академиясидан олган маошини тўғридан-тўғри институт қошидаги болалар боғчасига ўтказар эди.
Москва, Ленинград, Киев ва бошқа шаҳарларда таҳсил олаётган институт аспирантларига моддий ва маънавий ёрдами теккани, кўп ғамхўрлик қилгани ҳаммамизга маълум. Иш фаолияти давомида институтимиз жамоасида унинг саховатидан баҳраманд бўлмаган одам қолмаган бўлса керак. У барчага баробар, айниқса, оддий хизматчи ва ишчиларнинг болалари илмли бўлишига кўмаклашар, уларни моддий ва маънавий рағбатлантиришга аҳамият берар эди. Агар қабулига кирмоқчи бўлиб навбат кутиб турган фаррош ёки ишчини кўриб қолса, уларни олиб кириб кетар эди.
Олиманинг ҳаёт йўли ва илмий йўналиши кўп қиррали ва ҳаётбахшдир. Дастлаб Тошкент иқтисодий саноат техникумини тамомлагач, Бухоро вилоятининг Конимех шаҳридаги пахта қабул қилиш бўлимида иқтисодчи-товаршунос бўлиб ишлади. Тиниб-тинчимас, билимга чанқоқ, изланувчан, заковатли бу аёл 1932 йили Москвадаги Г.В.Плеханов номли халқ хўжалиги институтига ўқишга кирди. Халқ хўжалиги институтида ўқиб юрганида профессор Н.Архангальский раҳбарлигида “Тола ип, газламаларининг мустаҳкамлигини аниқлашда рационал услубларни ишлатиш” номли қўлланма ёзди. Мазкур илмий иш ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ, талабаларга дарслик сифатида хизмат қилмоқда.
Институтни имтиёзли диплом билан тамомлагандан кейин Ўзбекистон савдо вазирлигида иқтисодчи-товаршунос бўлиб ишлайди. 1938 йилда ўзи тамомлаган институтнинг аспирантурасига ўқишга киради ва 1941 йилга қадар ўқиди. Ўқиш даврида Москвада малака ошириб юрган муҳандис Мирзаумар Мирзааҳмедовга турмушга чиқади. Лекин ёш оиланинг биргаликдаги ҳаёти узоқ давом этмади. Умр йўлдоши Иккинчи жаҳон урушида бедарак кетди. Лекин Мақсуда опа турмуш ўртоғига садоқатини умрининг охиригача сақлади, умид билан яшади. Мақсуда опа 1941 йили Тошкентга қайтиб келди ва Дилбар исмли қизига бутун меҳрини берди.
Мақсуда Ходжинова оғир ва сермашаққат ҳаёт мактабини босиб ўтган. У отасиз вояга етди. Шахсий ҳаётда ҳам севимли инсонини йўқотгандек оғир синовни бошидан кечирди. Жажжи қизалоғи Дилбарни ёлғиз ўзи катта қилди. Ҳаётнинг оғир дамларида унга онаси ва опалари далда бўлди. У туғма қобилият эгаси эди, ишдаги шижоат, ўқишга бўлган катта қизиқиши, ўзини тута билиши сабабли ўзи танлаган тўқимачилик материалшунослиги мутахассислиги бўйича чуқур билим эгаллади. Ўзбек аёлларидан тўқимачилик соҳасида биринчи академик даражасига етди. Олима қувноқ, ҳаётни ва инсонларни қадрлайдиган, жамоани жуда хуш кўрадиган, жозибали аёл бўлган. Унинг меҳрибонлиги ва ҳозиржавоблиги ёшу қарига хуш ёқар эди.
Оғир уруш йилларида, яъни 1944 йилда Тошкент тўқимачилик институтининг толали материалларнинг механик технологияси кафедрасига ассистент бўлиб ишга киради. Шу даврда Москва тўқимачилик институтининг талабалари ва ўқувчилари эвакуация қилиниб, Тошкент тўқимачилик институтига жойлаштирилган, биргаликда ўқиш жараёни ташкил этилган эди. Мақсуда опа ўз тадқиқотини профессор Г.Кукин раҳбарлигида давом эттирди ва 1946 йилда “Намликнинг пахта ипларининг хусусиятларига таъсири” мавзусидаги номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.
Пахтани дастлабки ишлаш кафедраси мудири, профессор Б.Левковичнинг маслаҳати билан “Чигитли пахтани дастлабки ишлаш жараёнида тола хусусиятларининг ўзгариши” мавзуси бўйича тадқиқот олиб борди. Шу даврдан бошлаб Мақсуда опа пахта толасининг хусусиятларини, шикастланишини ҳар томонлама ўргана бошлади ва аввал номаълум бўлган ажойиб натижаларни аниқлади.
Мақсуда Ходжинова 1958 йилда Москва тўқимачилик институти олимлари кенгашида “Пахта толасининг хоссаларига ва ундан йиги-рилган ип сифатига механикавий шикастланишнинг таъсири” мавзусидаги докторлик диссертациясини жуда муваффақиятли ёқлади. Муаллиф ўз маърузасида чуқур электрон микроскопик изланишлар натижасида пахта толасининг механик жараёнларда шикастланиши, узилиши, синиши ва киришиш миқдорий қийматларини ҳам келтира олади. Ишлаб чиқилган аналитик услублари ишлаб чиқариш саноати ходимларига чуқурроқ қуролланиш имкониятини берди ва ҳатто, керак бўлганда механик шикастланишни камайтириш мақсадида тўқимачилик машиналарининг органларини қайта конструкциялаш имконини ҳам берди. Умуман, Мақсуда Ходжинова фаолияти учун масалага комплекс ёндашиш керак бўлади. Олиманинг белгилашича, барча механик жараёнлар теримдан то мато тайёрлашгача пахта толасининг хоссаларига салбий таъсир кўрсатади. Унинг мустаҳкамлиги 20 фоиздан 70 фоизгача камайиши мумкин.
Маълумки, пахта йиғиб-териб олинганидан кейин бир неча ой ғарамларда сақланади. Унинг намлиги туфайли микроорганизмлар пахта толасини биологик парчалайди. Бу мушкул жараён ҳам олиманинг эътиборидан четда қолмади. Бунинг натижасида толанинг мустаҳкамлиги 40-50 фоиз йўқолиши мумкин. Бу нуқсонларни йўқотишда олиманинг таклифлари ҳам тола сифатининг ошишига ёрдам берди. Хулоса қилиб айтганда, Мақсуда Ходжинова тадқиқотларининг мазмуни тола ва ундан тайёрланган кийим-кечаклар умрини узайтиришга қаратилган эди. Тайёр маҳсулотларнинг умрини узайтириш, ҳосилга ҳосил қўшиш билан баробар эмасми?! Мақсуда Ходжинова ўхшатиш қилиб айтганда, пахта толасини механик ва биологик жараёнларда шикастланишини, яъни “касалланишини” очиб берди. Олимларимизнинг навбатдаги асосий бурчи – бу толанинг шикастланишини “даволаш”, деб таъкидлар эди.
Иш давридан бошлаб материалшунос олимлар ўртасида биринчи бўлиб, Мақсуда опа пахта толасининг тузилишини, шикастланишини ва хусусиятларини батафсил ўрганиб, керакли қўлланма яратди. Бу қўлланмадан ҳозиргача олимлар, ишлаб чиқариш мутахассислари унумли фойдаланмоқда. Мақсуда опа раҳбарлигида 1961 йили Тошкент тўқимачилик институтида Ўзбекистон Фанлар академияси Механика институтининг бирлашган илмий лабораторияси ташкил этилди. Бу лабораторияда 30 нафардан зиёд илмий ходим, аспирантлар, кафедра ўқитувчилари тўқимачилик хом ашёларининг, тайёр маҳсулотларнинг хусусиятларини таҳлил қилиш билан шуғулланган.
Мақсуда Ходжинова ўзбек аёллари ўртасида қалдирғоч академиклардан бўлиб, Ўзбекистонда пахтачилик фанини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшгани ҳурматга сазовордир. Академикнинг саъй-ҳаракатлари туфайли экспериментал биология институтида чигитдан янги, серҳосил, тезпишар, сувга нисбатан чидамли, ўрта толали АН-401, АН-402, АН-Самарқанд номли ғўза навлари яратилди. Н.Назаров, О.Жалилов ва бошқа олимлар томонидан ихтиро қилинган навлар ёввойи Мексика ғўзасини ўрнатиш усули билан олинган бўлса, уларнинг толаларини ҳар томонлама текшириш ва бу янги масъулиятли вазифа Мақсуда Ходжиновага юклатилган эди. Олима бу вазифани ҳам ўз шогирдлари билан бирга аъло даражада бажарди. Мақсуда Ходжинова тадқиқотлари ҳар доим тўқимачилик саноатидаги долзарб масалаларни ўз ичига олган эди. Мақсуда Ходжинова билан илмий йўналиш борасида кўп бора суҳбатлашганимизда олима чуқур ва мақсадли илмий муаммоларни қўйиш билан бирга уларнинг ечими бўйича тавсияларини ҳам баён этар эди. Олиманинг тафаккури, дунёқараши кўпчиликни бениҳоя қойил қолдирар эди. Унинг тафаккурича фаннинг ҳаётийлиги ва абадийлиги шундаки, у бирор муаммони ечгунча кун тартибига ўнлаб янги ва олдингисидан ҳам мураккаброқ вазифалар келиб чиқаверади. Шу йўналишда фан, табиатнинг энг муҳим қонунларини ва сирларини ихтиро қилади ҳамда бу янгиликлар инсониятнинг яшаш тарзига ўз ижобий таъсирини кўрсата боради. Фаннинг ушбу ижодиёти кишини шундай руҳлантирар, энди унга янги куч ва матонат бағишлар эди. Ёш олимларни янги ихтироларга чорлаш, ўз-ўзига ишонч уйғотиш Мақсуда Ходжинованинг ажойиб ҳислатларидан бири эди. Олиманинг ўзи ҳам бунга мисол бўла олар эди.
Мақсуда Ходжинова раҳбар ва буюк олима сифатида талабчан, ҳаётда эса талабаларга меҳрибон онадай эди. Жуда камтар, кийиниши ўта содда, талаба бўладими, ходимми ёки профессор ўқитувчи – ҳамма билан бир хил муомалада бўлар эди. Шароити оғир талабаларга ўз маошидан ёрдам берганига гувоҳи бўлганман.
Мамлакатимизда тўқимачилик материалшунослиги фанининг ривожланиши ва унинг истиқболлари тўқимачилик ва енгил саноат корхоналарининг долзарб муаммоларини ечиш масалалари билан боғлиқ бўлиб, унда тола ва ипларнинг сифат кўрсаткичларини аниқлаш назарияси муҳим аҳамиятга эга. Тўқимачилик материалшунослиги кафедрасини институтда 1957 йилда ташкил этиб, умрининг охиригача бошчилик қилган, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги, техника фанлари доктори, профессор, таниқли ва истеъдодли олима – Мақсуда Ходжинова бу фаннинг Ўзбекистонда ривожланишига муносиб ҳисса қўшган, салоҳиятли, жаҳонгашта олима, йирик илмий мактаб асосчиси ҳисобланади.
Академик Мақсуда Ходжинова 1957-1973 йилларда институт ректори лавозимида ишлаган даврда ҳам бунёдкорлик ишлари билан бирга маҳаллий, истеъдодли ёшларни илмий-тадқиқот ишларига жалб этиб, олимлик даражасига етишишига кўп ёрдам берган.
Марказий Осиёда ягона бўлган институтимиз унинг раҳбарлигида ҳар томонлама мустаҳкамланди. Янги-янги кафедра ва факультетлар ташкил этилди. Институтнинг янги биноси, қатор кўп қаватли хоналарга эга талабалар шаҳарчаси, замонавий лабораториялар бунёд этилди. Наманган ва Андижон шаҳарларида институтнинг шохобчаларини очишда академик олима ташкилотчилик қилди.
Мақсуда Ходжинова жуда кўплаб илмий ишлар, қўлланма ва дарсликлар муаллифи. 200 дан ортиқ илмий асар, қатор китоблар, бир неча муаллифлик гувоҳномалари унинг қаламига мансуб. Олима ўз фаолиятида 30 дан ортиқ фан номзоди ва фан доктори тайёрлади.
Ажойиб олима ўзининг бутун истеъдоди, куч-ғайратини ёш авлодни тадбиркор, одобли, ахлоқли, билимдон муҳандислар қилиб тарбиялашга, фан ва техникани ривожлантиришга бағишлади. Шу боис, уни талабалар ғоят севар ва ҳурмат қилар эди. У илмий-тадқиқот ва таълим-тарбия билан бирга жамоат ишларида ҳам фаол қатнашди. Бир неча марта Тошкент шаҳар кенгашига депутат қилиб сайланди, “Фан ва турмуш” журналининг таҳрир ҳайъати ва “Билим” жамияти аъзоси эди.
Фан соҳасидаги улкан хизматлари, Ўзбекистонда олий ва ўрта махсус таълимни ривожлантиришдаги намунали ишлари, ташкилотчилик фаолияти учун унга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби” унвони берилган эди.
Унинг номи абадийлаштирилган. Таниқли олима яшаган кўчага Ходжинованинг номи берилди. Институтимизга унинг эсдалик сиймоси ўрнатилган. Олиманинг нурли ҳаётига бағишлаб музей ташкил этилган. Институтда илмга чанқоқ, иқтидорли талабалардан ҳар йили 4-5 нафарига академик Мақсуда Ходжинова номидаги стипендиялар берилади.
Тарихда шундай сиймолар борки, улар ҳеч қачон қаримайди, уларнинг фазилати яратган илмий мактабларида, раҳнамолик қилган шогирдлари қалбида абадий яшайди, уларнинг яратган кашфиётлари туганмас хазина каби ўз самарасни бераверади. Мақсуда Ходжинованинг шогирдлари қаторида уларнинг замондоши сифатида меҳр ва маслаҳатидан баҳраманд бўлганмиз ва шу сабабли ушбу кунларда унинг серқирра фазилатлари тўғрисида эслатиб ўтишни ўз бурчимиз деб биламиз.
Биз шогирдлар устоз билан жуда фахрланамиз. Устоз бизга нафақат илм-фанни ўргатди, балки инсоний хусусиятларни тарбиялашда ҳам барчамизга ўрнак бўлдилар. Устозга хос бўлган муомала маданияти, ахлоқ-одоб, барча билан келиша олиш ва қўлдан келганича инсонларга яхшилик қилиш хусусиятларини ундан қолган яна бир буюк мактаб деб биламиз. Инсонийлик хусусиятлари деганда устозимизнинг бизга берган пурмаъно маслаҳатлари асло ёдимиздан чиқмайди. “Ҳеч қачон, ҳеч кимга ҳасад кўзи билан қараманг. Яратганнинг ўзидан яхши ният билан сўранг, Ўзи етказади. Доимо ниятингизни пок қилинг”, деб такрор-такрор айтар эди. Меҳрибон опанинг ўзи шу сўзларига бутун умр амал қилиб ўтди.
Халқимиз шогирдли устозни мевали дарахтга ўхшатади. Мақсуда Ходжинованинг илмий раҳнамолигида тарбияланган юқори малакали мутахассислар жамиятимизнинг турли илмий ташкилотларида, корхона ва олий ўқув юртларида самарали меҳнат қилмоқда. Олима ўзи раҳбарлик қилган кафедрада аниқ йўналишга эга бўлган муҳим илмий марказ, тажриба мактаби яратдики, унда қатор истеъдодли шогирдлар етишиб чиқди. Улар ўзларининг илмий-педагогик фаолиятини такомиллаштириб, ёш авлодга пухта билим бермоқда.
Мана бу йил Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги, моҳир педагог, талабчан ва тадбиркор раҳбар, истеъдодли олима Мақсуда Ходжинованинг 110 йиллик таваллудини нишонлаяпмиз. Биз, шогирдлари устозимизнинг бой маънавий хислатларини доимо қадрлаймиз ва ғурурланамиз.
Шогирдлари номидан
профессор Мирпўлат КУЛМЕТОВ
доцент Абдусаттор АБДУГАФФАРОВ