Ўтган йили “Қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликка қарши курашиш” масалаларига бағишланган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Глобал саммити ўтказилиши, қолаверса, ҳар йили Истанбулдаги “Евросиё иқтисодий саммити”нинг бўлиб ўтиши кишиларга тўкис турмуш тарзини кечириши учун олдинда қилиниши керак бўлган қатор вазифалар борлиги ва буни уддасидан чиқиш учун мамлакатлар биргаликда ҳаракат қилмоғи зарурлигидан дарак беради.
Жаҳон банки гуруҳининг аъзоси ижтимоий ҳимоя бўйича мутахассиси Марина Новикова томонидан “Ўзбекистон фуқароларинининг кризисга жавоби” мавзусида тақдимот тайёрланиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказига тақдим қилинди. Жамоат ишлари жамғармасининг иш фаолияни айниқса пандемия даврида кризисга тезкор чоралар сифатида тан олинди.
Халқаро Меҳнат Ташкилоти экспертлари Рамирро Пизарро, Майкель Льюи-Ки-Сонг, Крис Донжерс, Йимон Дазерн, Ясмина Папа ва бошқа халқаро ташкилотлар экспертлари томонидан веб конференциялар ўтказилиб, унда жамоат ишлари дастури камбағалликни қисқартиришга хизмат қилаётгани, маҳаллий ҳокимият ва хусусий секторнинг ўзаро ҳамкорлиги, бу эса ўз навбатида маҳаллий иқтисодиётни ривожлантиришга ҳам ўз ҳиссасини қўшаётгани юқори даражада эканлиги алоҳида таъкидланди.
Жорий йилнинг 7-9 июнь кунлари бўлиб ўтган Истанбулда ўтган “Евросиё иқтисодий саммити”да ҳам бир қанча “Янги энергия иқтисодиёти”, “Глобал бизнес ҳамжамиятлари ўртасида ҳамкорлик ва шериклик”, “Рақамли дунё сари”, “Яшил дунё сари”, “Озиқ-овқат, Таъминот ва товар инқирози”, “Шаҳарлар мулоқоти”, “Тинчлик таъминоти занжири, иқлим ўзгариши ва миграцияга тўсқинлик қилувчи муаммолар” каби мавзуларда маърузалар бўлиб, уларда бугунги ахборий жамият, экология, камбағалликка қарши кураш ва шаҳарлар ривожланишидаги ўзгаришлар бирма-бир кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси ҳам мазкур Саммитга фахрий меҳмон сифатида таклиф этилди. Энг қувонарлиси эса, Жамоат ишлари жамғармаси Ижро этувчи дирекцияси билан Туркия давлатининг Истанбулдаги Стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар “Мармара Групп” жамғармаси, Истанбулдаги йиллик “Евросиё иқтисодий саммити” Васийлик Кенгаши ўртасида 2022-2026 йилларда ҳамкорлик қилиш тўғрисида Меморандум имзоланди.
Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий сиёсат, аҳоли бандлигини таъминлашда кўрилаётган тезкор зарурий чораларни бутун дунёга намоён қилиш, Ўзбекистон тажрибаси тариқасида Туркия Республикаси ҳамда бошқа давлатларга тадбиқ қилиш кўзда тутилган. Мамлакатимизда эҳтиёжманд аҳолини камбағалликдан чиқариш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш орқали, Жамғарма маблағлари ҳисобидан уларга асосий восита, мини ускуналарни ижарага бериш, янги иш ўринларини яратиш, ишсиз фуқароларни доимий бандлигини таъминлаш жамғарманинг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади. Мазкур Меморандум 4 йилга мўлжалланган бўлиб, унда соҳага оид йўналишларни амалиётга жорий қилиш ва фойдаланиш масалалари бўйича ўзаро манфаатли семинарлар, конференциялар, икки томонлама ташрифлар ва бошқа илмий-амалий тадбирлар ташкил этиш орқали ўз мутахассислари ва экспертлари ўртасида тажриба ва маълумот алмашиш, соҳага оид замонавий иш усулларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш, бандликни таъминлаш соҳасида қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва амалга ошириш, соҳа мутахассисларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга келишиб олинди.
Салоҳиддин САМАДОВ,
Жамоат ишлари жамғармаси
ижрочи директори