Наврўз айёми арафасида Қарши шаҳрида янги қурилган хонадонларни эгаларига тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Акбар Эшонқулов ва Қарши шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев сўзга чиқиб, хонадон эгаларини янги уйлар билан муборакбод этди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, 2020 йилда “Qarshi City” лойиҳасининг биринчи босқичи доирасида шаҳарнинг Наво маҳалласи ҳудудидаги 22 гектар майдонда 7 та 16 қаватли уйларни қуриш ишлари бошланган эди. Қарши шаҳар қурилиш инвест буюртмаси асосида бош пудратчи “Agromir buildings” МЧЖ қурувчилари томонидан ҳозирда 240 та хонадонга мўлжалланган 3 та 16 қаватли уйлар қуриб битказилди. Мазкур уйларнинг 12 таси ёш оилаларга, 6 таси хотин-қизларга, 3 таси мигрантларга, қолган 219 таси уй-жойга муҳтож бошқа шахсларга берилди. Ушбу хайрли иш ҳудуд аҳли учун байрамга муносиб туҳфа бўлди.

Маълумот учун, ушбу уйларнинг ҳар бир қаватида биттадан 3 хонали ва тўрттадан 2 хонали квартиралар бўлиб, улар узоқ муддатли ипотека кредити асосида бунёд этилди.