Куннинг ярмига бориб касалхонадаги шифокорлар ғимирлаб қолди. Эмишки, соат 12 дан кейин ҳамма бош шифокор ўз хонасида йиғилар экан. Фақат қабулхонада икки-уч кишидан ортиқ одам тўпланмаслиги керак. Ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари кейинроқ, куннинг иккинчи ярмида фаррошлар киради, деган хабар тарқалди. Бироз вақт ўтар-ўтмас иккинчи хабар ҳам ёйилди. Фақат олтмиш ёшдан ўтганларга бу тегишли эмас. Хонамда ўтирганча ўйланиб қолдим. Хўш, бу қандай хабар экан? Бу масканда фаолият кўрсатаётганимга салкам қирқ йилдан ошибдики, бош шифокорнинг “Олтмиш ёшдан катталар қабулимга кирмасин”, деганини биринчи марта эшитишим. Ўзи тинчликми, деган савол ич-этимни еди. Секин хонамнинг эшигини очдим. Қарасам, бўлим ҳамшираси ҳовлиқиб кетаётган экан.

— Қизим, тинчликми?, деб сўрадим.

–  Э, домла, бу сизга тегишли эмас, нафақадагилар бормайди, деди-да, тўхтамасдан ўтиб кетди.

Ниқобимни тақдим-да, атрофга қарадим. “Хўш, битта шифохонада, институтда шунча йил ишлаб, ўқиб, болаларни ўқитиб, илм бердим. Энди бизга “тегишли бўлмаган нарса” нима экан, деб бош шифокор қабулхонаси томон юрдим. Ҳақиқатан, ижтимоий масофа сақланган, ниқоб таққан ҳолда ўн-ўн беш чоғли ёш шифокор йўлакда турган экан. Мени кўриб, ҳаммаси ҳурмат билан ўрнидан турди. Салом-аликдан сўнг секин сўрадим.

— Ичкарига кирсам бўладими?

— Киринг, домла, сиз навбат кутмасангиз ҳам бўлади.

Эшикни тақиллатиб, бош шифокор хонасига кирдим. У ўринбосар иккаласи ёш ҳамкасбимиз билан гаплашаётган экан.

— Устоз, сиз ўтира туринг, кейин вазиятни тушунтираман, — дедию сўзида давом этди.

— Масала жуда жиддий. Уйингизга бориб, ўзингиз учун энг керакли бирламчи нарсаларингизни олинг-да, Зангиота туманида янги очилган шифохонага эртага эрталаб етиб боринг.  Розимисиз?

— Ҳа, албатта, айтилган вақтда етиб бораман.

— Раҳмат сизга! Кетишингиз мумкин.

Сўнг бош шифокор менга юзланди:

— Устоз, COVID-19 билан курашиш учун бизнинг ходимларни ҳам жалб қилишяпти. Тўғри, биз инфекционист эмасмиз, аммо шифокормиз, қасамёд қилганмиз, бажариладиган ҳамма муолажаларни уч-тўрт кун ичида охирига етказишимиз шарт. Ўзингизнинг хабарингиз бор, олтмишдан ошганларни юбора олмаймиз, сабаб маълум. Уларга мабодо касаллик юқса, оғир ўтяпти, — дедию, навбатдаги шифокорни чақирди. Оқ-сариқдан келган шифокор ўзини жуда хотиржам тутди.

— Ота-онамга, фарзандларимга бозорлик қилиб бераман-да, эртага белгиланган вақтда айтилган жойга етиб бораман, — деб  рухсат сўраб чиқиб кетди. Кейинги шифокор ўттизлардан ошган аёл эди.

— Турмуш ўртоғим ҳам шифокор, бир ойдан бери аэропортда мигрантларни тиббий кўрикдан ўтказишда қатнашмоқда. Икки фарзандимни онамга топшириб, эртага айтган жойингизга бораман, — деди.

Кейин ҳамширалар бирин-кетин кирди. Эътиборлиси шунда эдики, уларнинг бирортаси ҳам рад жавобини бермади. Ҳатто фаррошлар ҳам “керак бўлса, борамиз”, дейишди. Икки соатга қолмасдан 80 йиллик катта бир илм даргоҳининг оқ халатли шифокорлари, ҳамширалари, ҳатто қасамёд қилмаган оддий фаррошлари кўзга кўринмас душман билан курашишга отланди. Шу орада менинг ҳам ҳурмат-эҳтиромимни қилиб, уйга, карантинга жўнатишди. Қарангки, мамлакатимизда эълон қилинган карантин шартларига қарамай, бирпасда институт дарвозаси олдида ҳар хил русумли автомобилларда киракашлар пайдо бўлди. Улардан бири қўлида калитини ўйнатиб, ҳамшира қизларга “такси бор, қаерга борасизлар”, деди. Шунда қизлардан бири “Юнусободга”, деб жавоб берди. “Икки кишига 20 мингдан 40 минг бўлади”, деди таксичи. Қизларнинг иккаласи ҳам “Иштаҳангиз зўр-ку”, дейишдию, аммо чорасиз таксига ўтирди. Учинчи аёл келиб, “Сергелига”, деди.

Ҳайдовчи “Матиз”нинг ичида ўтириб, “Рози бўлсангиз 50 минг, фақат йўлдан одам олишим мумкин”, деди. Қаранг, қисқа вақт ичида дарвоза олдида ҳеч ким қолмади. Мен ҳам қора сумкамни кўтариб, карантинга отландим. Уйгача роппа-роса 2 километр, 26-27 дақиқа яёв юраман, фикрлар олис 90-йилларга олиб кетди.

Касаллик “сен катта, сен кичиксан”, демас экан. Юқиб қолдими, тамом, ё даволанасан, ё ... Қишнинг қорли кунлари ёши етмишни қоралаб қолган серсоқол, қорачадан келган бир отахонни лаборатория текширувига олиб келишди. Йўлланмада кўрсатилганидек, салкам икки ойдан бери тери касаллиги ташхиси билан даволанган, аммо муолажалар унчалик самара бермаган. Уни қайтадан махсус лаборатория текширувидан ўтказиш керак. Роппа-роса икки соат микроскопда текширдим. Не кўз билан кўрайки, препаратда мохов касаллигини қўзғатувчи микроблар қип-қизил бўлиб ястаниб ётарди. Ташхис мохов. Тиббиёт тилида “лепра” дейилади. Улар даволанадиган макон эса “лепразорий”, яъни “моховхона” деб аталади. Эртасига ҳамма ёқ тўполон бўлиб кетди. “Шунча кундан бери биз моховни даволаётган эканмиз, билмабмиз, деб сўз бошлади бош шифокор. — Энди беморни зудлик билан изоляция қилишимиз керак. Аниқроғи, “моховхона”га олиб боришимиз керак. У жойда уни алоҳида қилиб, махсус даволашади. Хўш, ким, қайси шифокор кузатиб боради”.

Ҳеч ким лом-мим демади. Бирини, иккинчисини турғизишди. Ҳеч бир шифокор рози бўлмади. Ҳатто айримлари: “Мен мохов дўхтири бўламан, деб етти йил институтда ўқиганим йўқ, қасамёдни эса беморларни даволайман деб ичганман” дея димоғини кўтарди. Тортишув анчагача давом этди. Кимлардир ҳатто бўшаш учун ариза ёзишни рўкач қилди. Охири навбат менга келди. Ҳеч иккиланмасдан “бораман” дедим. Шунда бош шифокор ўринбосари “Ахир бу киши лаборатория ходими-ку, бу ёғи қандай бўлади?” деса, бошлиқ ҳаммага қараб, “зўр бўлади”, деса бўладими! Иш кунининг ниҳоясида махсус тез ёрдам машинаси келди ва биз — ҳайдовчи, бемор ва мен “моховхона”га кетдик. У жойга ярим кунда етиб бордик. Қаранг, ичкарида беморларнинг бирортаси ҳам ухламаган, қаердан билса, билишган. Бизни ўша жойнинг бош шифокори билан беш-олтита бемор кутиб олди. Шунда ёши кекса бир бемор сўз бошлади:     

— Йигит, беморни сен аниқлабсан, бунинг учун раҳмат айтиб қўяй. Бизлар бу жойда 20-30 йилдан бери изоляциядамиз. Тун-кун бизга барибир. Бу ердагиларнинг учтадан биттаси кўр. Қолганлари ҳам ногирон. Бизга сўз бер, қасам ич, келажакда бу касалликни ўрганаман, беморларни тузатаман, қўлимдан келган яхшиликни қиламан, деб. Розимисан ахир, Гиппократнинг қасамини ичгансан. Ёки тонасанми?

Аввалига довдираб қолдим, кейин ўзимга келиб сўз бердим:

— Мен сизларга ёрдам бераман!

Мана, орадан қарийб ўттиз йил ўтди. Ундай жойлар ёпилиб кетди. Беморларнинг бир қисми ёшини яшаб ўтди, бир қисми тузалиб, уйига қайтди.

Ўша фикр-хаёллар билан уйга ҳам келиб қолибман. Олдимдан автоуловдаги кўчма дўкон чиқди.

— Ҳорманглар, — дейман. — Тухум қанчадан?

— Катталари бир минг икки юз, кичиклари минг сўмдан.

— Ё раббим. Ахир, ўтган ҳафта олти-етти юз сўм эди-ку.

— Ака, ёқмаса бошқа жойга боринг, бизнинг товуқлар қиммат тухум қўяди.

Уйга кириб, яна ўйга ботдим. Ўттиз йил аввал бир касални шифо масканига олиб бориш учун бутун бошли шифохонадан биргина шифокор чиқмаган эди. Энди-чи? Бугун ҳар бир шифокор, яна ёшлар, ўғил-қизларим энг оғир, энг юқумли касалликлардан бири COVID-19ни даволашга шай эканини очиқдан-очиқ айтмоқда. Бундай мард ва жасур, ўз касбига фидойи шифокор йигит-қизлар янги Ўзбекистонда тарбия кўрган, Ватаннинг ҳақиқий фарзандлари. Биз улар билан фахрланамиз. Ахир ўзининг, яқинларининг ҳаётини хавфга қўйиб, хаста жонлар дардига дармон бўлиш учун отланаётган, халқ дардини ўзининг дарди деб билаётган, касбига содиқ шифокорлар билан фахрланмай бўладими? Уларнинг машаққатли, аммо шарафли меҳнати олдида бош эгмасдан бўладими? Улар қасамёд қилган. Ана шу қасамёдга нечоғли содиқлиги бугун синовдан ўтмоқда. Киракашлар, тухумни устига қўйиб сотаётган олибсотар юлғичлар халқи олдида, ватани олдида қасам ичмаган. Қизиқ, улар билармикан шифокорнинг қасамёди эскирмаслигини? Халқ учун хизмат қилиш олий саодат эканини англармикан? Инсонга берилган омонат умрни қандай яшаб ўтиш ҳар кимнинг виждонига ҳавола, деган ўйлар билан ўзимга таскин бераман.

                                               Эгамберди ЭШБОЕВ,

                                      Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий

тиббиёт маркази профессори,

  тиббиёт фанлари доктори, микробиолог