Қашқадарё вилояти ҳокими бошчилигидаги Ишчи гуруҳ томонидан тезкорлик билан ушбу ҳудудларда отрядлар тузилиб, уларга 74 турдаги ишлов тадбирларини амалга ошириш техникалари жалб этилиб, зарарли чигирткаларга қарши самарали кимёвий ишловлар ўтказиш ишлари бошлаб юборилди. Шунингдек, 24 соат ишлайдиган махсус штаб ташкил этилди.   

Воҳада жорий йилда зарарли чигирткаларга қарши 140 минг гектар майдонга кимёвий ишловлар ўтказилиши башорат қилинган бўлиб, шундан, Ғузор, Деҳқонобод, Қамаши, Нишон, Миришкор, Чироқчи ва Шаҳрисабз туманлари яйловларида  88,5 минг гектар майдонда кимёвий ишловлар бериш якунланди, дея хабар беради вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Ишчи гуруҳ раҳбари Зойир Мирзаев “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ чигиртка ва тут парвонасига қарши курашиш хизмати Қашқадарё филиали бошлиғи Ғайрат Жўраев билан мулоқот қилиб, зарарли чигирткаларга қарши курашиш ишлари учун зарурий қўшимча маблағларни ажратишини билдирди. Ушбу маблағлар яна 20 минг гектар яйловларга ишлов тадбирлари олиб бориш учун кимёвий воситалар, ёқилғи ва техникалар учун эҳтиёт қисмлар харид қилишга сарфланади.  

Масъулларнинг қайд этишларича, 10 июнга қадар ушбу зарарли чигирткаларга қарши самарали ишлар амалга оширилиб, бошқа вилоятларга кириб бормасидан йўқ қилинишига эришилади.