Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида эртадан, яъни 19 декабрдан 26 декабргача ёшлар фестивали бўлиб ўтади. Бу ҳақда вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Йўлдошев фестивалга бағишланган матбуот анжуманида маълум қилди.
Вилоят ахборот хизмати хабарида ёзилишича, ёшлар фестивалининг юқори савияда ва кўплаб ёшларнинг ушбу фестивалга қамраб олинишини таъминлашда вилоят ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ёшлар иттифоқи вилоят ташкилотлари масъул бўлишади.
“Пойтахтда бўлиб ўтган “Тошкент ёшларни севади!” шиори остидаги фестивал каби вилоятимизда ҳам тўққиз кун давомида маҳорат дарслари, бадиий кўргазмалар, таълим ва спорт тадбирлари, концертлар, муваффаққиятли тадбиркорлар билан учрашувлар, пойтахтнинг диққатга сазовор жойларига экскурсиялар, ажойиб совғалари бор викторина ва танловлар ҳамда флешмоблар ташкил этилади” — деди вилоят ҳокими ўринбосари.