Унда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари, малакали шифокорлар ҳамда ОАВ ходимлари, журналист ва блогерлар иштирок этишди.  

Анжуманда воҳада тиббиёт соҳасининг босқичма-босқич ривожланиб бораётгани мисоллар тариқасида айтиб ўтилди. Жумладан, шу пайтгача хориж ва пойтахтнинг нуфузли клиникаларида бажариб келинган кўплаб мураккаб юқори технологияли операциялар эндиликда вилоятнинг ўзида бажарилаётгани катта ютуқлардан бири эканлиги ҳақида тўхталиб ўтилди.

Хусусан, ҳозирда  Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиалида аорта коронар шунтлаш, юрак тож томирларига стентлаш, электрокард иостимулятор имплантацияси, бўлмачалараро ва қоринчалар тўсиқ нуқсонларини миниторакотомия усули ёрдамида беркитиш, бўлмачалараро ва қоринчалар тўсиқ нуқсонларини оклюдер ёрдамида беркитиш, юрак клапанлари пластикаси ва протезлаш амалиёти, юракнинг мураккаб аритмияларида юрак электрофизиологик текшируви ва радиотўлқинли аблация сингари жуда мураккаб кардиожарроҳлик амалиёти йўлга қўйилган.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалида буйрак трансплантацияси операциялари амалга оширилмоқда.

Қашқадарё вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида биргина жорий йилнинг беш ойи давомида 110 та юқори технологияли операция бажарилди. Хусусан, воҳада илк бор тизза бўғимини эндопротезлаш, “Эверцион КEАЭ” (уйқу артериясидан холестерин пилакчаларини олиб ташлаш), “Трансабдоминал лапароскопик ўнг томонлама нефроэктомия”  (бужмайган буйракни эндоскопик усулда олиб ташлаш) сингари ноёб жарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилди.

Мавзуга доир энг катта янгиликлардан бири — Қашқадарёда болалар кардиожарроҳлиги бўлими фаолияти йўлга қўйилгани ҳақида маълумот бериб ўтилди.

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ташкил этилган бу бўлим ташаббусли бюджет танловлари орқали кардиожарроҳлик амалиётлари ўтказишга доир 1 миллиард 200 миллион сўмлик энг замонавий тиббий ускуналар билан таъминланди.

- Бу ердаги айрим ускуналарга нуфузли клиникалар жарроҳларининг ҳам ҳаваси ортиши табиий,-дейди Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази болалар кардиожарроҳлик бўлими шифокори Раҳматилла Равшанов.- Бугунги кунда бўлимга хорижда ўқиб, тажриба орттирган малакали мутахассислар ишга жалб этилди. Энди қашқадарёлик туғма юрак нуқсони бор болажонларнинг яқинлари хориж ёки пойтахт клиникаларига қатнаб овора бўлишмайди. Юқори технологияли мураккаб жарроҳлик амалиётлари воҳанинг ўзида бажарилмоқда.

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиалида жорий йилнинг ўтган 5 ойида 200 дан ортиқ юқори технологияли операциялар бажарилди.  Жумладан, март ойида бу ерда тиббиётда “Фил одам” синдроми деб номланган касаллик бўйича ноёб амалиёт бажарилди. Илмий тильда нейрофиброматоз (Реклингхаузен синдроми) деб аталадиган бу хасталик бўйича бемордан 5 килограммлик ўсма муваффақиятли тарзда олиб ташланди.

Матбуот анжуманида давлат тиббиёт суғурта жамғармаси ҳисобидан қилинаётган ишлар ҳақида ҳам айтиб ўтилди. Хусусан, давлат тиббий суғурта жамғармаси ҳисобидан 2023-йилнинг ўтган даврида вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали, Республика кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали, Китоб туманидаги “Доктор Бобоев” хусусий клиникасида 800 дан ортиқ жарроҳлик амалиёти бажарилди.

Кейинги пайтда вилоятда замонавий телемедицина имкониятларидан самарали фойдаланиб келинмоқда. Бу орқали туманларда даволанаётган беморлар учун пойтахт ҳамда вилоятнинг малакали мутахассислари томонидан онлайн тарзда тиббий  консилиум ва маслаҳатлар ташкил этилмоқда.

Қувонарлиси, кейинги ойларда шу пайтгача фақат пойтахтда бажарилган юқори технологияли операциялар воҳа туманларининг ўзида бажарилмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида бу борадаги кўрсаткичлар кескин ошди.

Хусусан, биргина жорий йилнинг ўтган даври мобайнида биргина Яккабоғда 10дан,  Китоб туманида эса 80дан ортиқ юқори технологияли операциялар бажарилди. Кўкдалада илк бор “Эверцион КEАЭ”, Косонда йирик бўғимлар артроскопик операцияси, Яккабоғда эса эндопротезлаш амалиёти муваффақиятли ташкил этилаётгани айтиб ўтилди.

Матбуот анжумани давомида журналистлар соҳага доир ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.