Мобил иловалар прототипларининг асосий йўналиши сифатида тиббиёт, таълим, энергетика, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, ижтимоий ҳимоя ва жамият бандлигини таъминлаш белгиланди. Мобил иловалар танловига 60 дан ортиқ ариза топширилди, уларнинг 16 таси якуний босқичга ўтишга муваффақ бўлди. Танлов якунида“Umid”, “CWC” ва “Edu Manager” дастурларини ишлаб чиққан 3 нафар ғолиб аниқланди.

“Fractall” ғолиб жамоасининг “Umid” мобил иловаси ўзбек тили оғзаки нутқини ёзма матн шаклида ва имо-ишоралар тилига таржима қилиш бўйича инновацион тизимдир. Ушбу лойиҳа ногирон инсонлар билан мулоқот қилиш жараёнини сезиларли даражада осонлаштиради ва уларга имо-ишоралар тилига таржима қилиш мумкин бўлмаган жойларда оғзаки ўзбек нутқини эркин тушуниш имконини яратади.

“CWC Logistics” жамоаси “CWC” деб номланган иловани тақдим этди. Ушбу ихтиро логистика компаниялари диспетчерларини юк машиналари ҳайдовчилари билан эркин боғланишга имкон берувчи кузатув тизими асосида ишлайди, бу эса ҳар бир босқичда товарлар жойлашувини етказиб бериш нуқтасига қадар кузатиш имконини беради.

Яна бир мукофот ўрнини “Edu Manager” дастури прототипи билан Dozolab жамоаси қўлга киритди. Бу ижтимоий тармоқ платформаси ҳисобланади. Фойдаланувчилар мактаб дастурлари ва олий ўқув юртларининг турли мавзуларида ўз билимларини баҳам кўриши, ўз ишларини оммага улашиши ва тадқиқотларини нашр этиши мумкин.

Барча иштирокчиларга сертификатлар тақдим этилди. Бундай танловларни ўтказиш аҳолининг ахборот технологиялари тўғрисида хабардорлигини ошириш ва иқтидорли ёшларни инновацион ғояларини қўллаб-қувватлашда муҳим саналади.