Ушбу мавзу бир неча бор оммавий ахборот воситаларида ҳам ёритилди. Қашқадарё вилояти раҳбари ташаббуси билан муаммога эътибор қаратилди. Энди ҳудудда «Чаман» туризм комплекси қад ростлайди.

Бу ҳақда куни кеча вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ҳудудда масъуллар иштирокида ўтказилган учрашувда маълум қилди.

– Миллийлигимиздаги замонавийликни халқаро стандартлар билан уйғунлаштирсак, туризм ривожига катта ҳисса қўшган бўламиз, – деди вилоят ҳокими. – Ҳеч бир кўриниш ёки бино бир-бирини такрорламасин. Эълон беринглар, тадбиркорлар ўз лойиҳа ва ташаббусини тақдим этсин.

Туризм қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Ш.Хидированинг маълум қилишича, «Чаман» туризм комплексида кемпинг ҳудуди, ресторан, балиқчилар учун жой, спорт майдончалари барпо этилади.

Бундан ташқари, кўркам боғда очиқ табиатда дарахтзор орасида расмга тушиш, ўриндиқларда дам олиб китоб ўқиш, очиқ осмон остидаги кинотеатрда фильмлар томоша қилиш мумкин.

Шунингдек, 200 ўринли чўмилиш ҳудуди, қум устида волейбол ва футбол майдонлари қурилади. Ушбу кўркам гўшадан музқаймоқ ва яхна ичимликлар сотадиган шохобча ва сунъий тоғ шаршараси ҳам жой олади.

Мазкур лойиҳа учун 9,95 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, 2021 йилнинг 2-чорагида ишга туширилиши мўлжалланмоқда. Хуллас яқин келажакда харобага айланган ушбу манзилда маҳаллий ҳамда хорижлик туристлар билан гавжум хушманзара манзилгоҳ барпо этилади. Бу вилоят туризм салоҳиятини ошириш баробарида иқтисодиётининг юксалишига хизмат қилади.