Хабарингиз бор, 2021 йилга қолдирилган Олимпия ўйинлари Японияда ўтказилади. Ундан кейинги 2024 йилги ўйинлар Францияда, 2028 йилгиси эса Лос-Анжелесда ташкил этилиши белгиланган.
Айтиш жоизки, 2032 йилги Олимпия ўйинларини ўтказиш истагини Брисбен (Австралия), Жакарта(Индонезия), Мумбай (Ҳиндистон) шаҳарлари ҳам билдиришган бўлиб, айнан ушбу номзодлар қатарликларга асосий рақиб бўлиши кутилмоқда.
Шунингдек, Европа қитъасининг Германия ва Испания давлатлари ҳам Олимпия-2032 борасида фикр билдиришганди. Аммо, коронавирус оқибатида ҳозирча бу мамлакатларда ушбу масала кун тартибида эмас.
Бундан ташқари, Жанубий ва Шимолий Корея ҳамкорлигида Олимпия-2032ни қабул қилиш ғояси икки мамлакат ахборот воситаларида кўтарилганди. Бироқ, Шимолий Кореянинг халқаро WADAташкилоти томонидан кўрсатилган допинг назорати бўйича вазифаларнинг бажарилмаслиги «ҳамкорликдаги Олимпия» ҳаракатининг амалга ошишига тўсқинлик қилмоқда.
Нима бўлганда ҳам футбол бўйича 2022 йилги жаҳон чемпионатига мезбонликка ҳозирлик кўраётган Қатарнинг Олимпия ўйинларини ўтказиш даъвоси билан чиқиши кенг спорт жамоатчилиги томонидан катта воқелик сифатида қаршиланди.
Қатар миллий олимпия қўмитаси раҳбари Ҳамад ал-Танининг билдиришича, мамлакатда йиллар мобайнида турли спорт турлари бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатлари, Осиё ўйинлари, ранг-баранг халқаро тадбирлар Қатарни Олимпия ўйинларини қабул қилишга ҳақли давлат даражасига олиб чиқди.
Халқаро олимпия қўмитаси маълумотига кўра, 2032 йилги олимпия ўйинларини ўтказадиган мамлакатни аниқлаш учун номзодларнинг саралаш тадбири келаси йилга белгиланган. Лекин пандемиянинг кенг ёйилиши, Токио олимпиадаси билан боғлиқ қатор муаммолар сабабли 2032 йилнинг даъвогарлар ўртасидаги баҳс кейинги даврга сурилиши ҳам мумкин.
Тўлқин РЎЗИЕВ.