Битимда икки давлат ўртасида ўзаро манфаатли сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган асосий устувор йўналишлар белгиланмоқда.

Жумладан, Битимда кўламдор мақсадларни кўзлаган таълим ва илм-фан, соғлиқни сақлаш, маданият ва маданий мерос, туризм, спорт каби муҳим соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш, шунингдек иқтисодиёт, бошқарув, дипломатия ва туризм соҳаларида кадрлар тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш бўйича тажриба алмашишга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, ушбу ҳужжатда халқаро шартномаларга мувофиқ ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш ва рағбатлантириш ҳамда хусусий секторлардаги қўшма корхоналарни ташкил қилиш бўйича зарур чора-тадбирларни кўриш назарда тутилмоқда.

Ҳужжатда халқаро терроризм ва экстремизмга, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, қуролларнинг ноқонуний муомалада бўлишига, уюшган жиноятчиликка, одам савдосига қарши курашиш ва уларни бартараф этиш механизмларининг самарадорлигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва бирлаштириш бўйича аниқ ва режали чоралар белгиланмоқда.