Мазкур соҳа нафақат
саноат ўсишини таъминламоқда, балки янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли турмуш
фаровонлигини оширишда катта аҳамият касб этмоқда. Кейинги йилларда
комбинатдаги кенг кўламли ислоҳотлар, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва янги
лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш жараёнида ҳар бир ходим фаоллик, ташаббускорлик
ва юксак масъулиятни ҳис қилмоқда.
Эришилаётган юксак
натижалар замирида, аввало, мазкур тармоққа қаратилаётган доимий эътибор ва ҳар
томонлама қўллаб-қувватлов муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Бу эса Навоий
кон-металлургия комбинати жамоасини фидойилик, ҳамжиҳатлик ва юксак масъулият
ҳисси билан меҳнат қилишга руҳлантирмоқда.
Сўнгги йилларда
кон-металлургия соҳасида ишлаб чиқаришга замонавий технологиялар жорий
этилмоқда. Янги конлар ўзлаштирилиб, мавжудлари модернизация қилинмоқда. Бу эса
нафақат хомашёни қазиб олиш, балки чуқур қайта ишлаш орқали тайёр маҳсулот
ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Навоий кон-металлургия
комбинати бу жараёнда етакчи ўринни эгаллаб турибди. Корхонадаги инвестицион
лойиҳалар натижасида ишлаб чиқариш ҳажми йил сайин ошиб бормоқда. Шу билан
бирга, соҳада энергия самарадорлиги ва экологик барқарорликка алоҳида эътибор
қаратилмоқда. Атроф-муҳитга зарарли таъсирни камайтириш, чиқиндиларни қайта
ишлаш ва “яшил” технологиялардан фойдаланиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан
бири. Кон-металлургия соҳасидаги янги босқич инновациялар, самарадорлик ва
барқарор ривожланишга асосланган даврдир.
Жорий йилнинг 16 мартида
Олмалиқда бўлиб ўтган йиғилишда давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек,
мустақилликнинг дастлабки йигирма беш йилида олтин қазиб олиш ҳажми 63 тоннадан
87 тоннага ёки 24 тонна ошган бўлса, сўнгги тўққиз йилда бунга яна 31 тонна
қўшилиб, ўтган йили 118,4 тоннага етказилди. 2016 йилдан буён кумуш ишлаб
чиқариш 1,6 баробар, уран 2,1 баробар, мис 1,4 баробар оширилишига эришилди.
Натижада тармоқда ишлаб чиқариш 1,7 баробар ўсиб, ўтган йили 270 триллион сўмга
етди.
Ушбу соҳада кўп йиллик
тажрибага эга мутахассис сифатида
таъкидлардимки, кон-металлургия саноатида, хусусан, олтин, кумуш ва мис
қазиб олишда бугун кузатилаётган юқори ўсиш суръатлари илгари бўлмаган. Мазкур
ютуқлар, аввало, юртимизда узоқни кўзлаб юритилаётган, пухта ўйланган иқтисодий
сиёсат, шунингдек, тармоқни изчил ривожлантиришга қаратилаётган тизимли
чора-тадбирлар ҳамда юксак эътибор самарасидир. Шу нуқтаи назардан,
эришилаётган ютуқларимиз миллий саноатимизнинг янги босқичга кўтарилаётганидан
далолат беради.
Машаққатли меҳнат самараси
Кон-металлургия соҳасида
меҳнат қилиш нафақат шарафли, балки инсондан жасорат ва юксак масъулиятни ҳам
талаб этади. Ушбу соҳада юксак натижаларга эришиш осонмас. Ҳар қандай катта
ютуқлар замирида тинимсиз меҳнат, чуқур билим ҳамда мустаҳкам ирода мужассам
бўлади.
Навоий кон-металлургия
комбинати жаҳонда олтин ишлаб чиқарувчи энг йирик компаниялардан биридир.
Комбинатнинг минерал ресурслари базаси 140 миллион унциядан ортиқни ташкил этади.
2025 йилда комбинат 98,2 тонна олтин ишлаб чиқарди. Дастур доирасида 1,4
триллион сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулот тайёрланди. Тармоқлараро саноат
кооперацияси доирасида 7,3 триллион сўмлик маҳсулот харид қилинди. Инвестиция
дастури доирасида 561 миллион долларлик маблағ ўзлаштирилди. Янги лойиҳаларни
амалга ошириш ва амалдаги ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ҳисобига 2628
та янги иш ўрни яратилди. Қўлга киритган ютуқларимизда, энг аввало, 50 мингдан
зиёд аҳил жамоанинг фидокорона меҳнати мужассам.
Жорий йилни ҳам турли
соҳаларда ютуқлар билан бошладик. 2026 йил февраль ойида “Sustainable Fitch”
халқаро рейтинг агентлиги томонидан НКМКнинг корпоратив ESG рейтинги “3”
даражасида тасдиқланиб, умумий кўрсаткичи 51 баллдан 54 баллга етди. Шунингдек,
комбинат “Гендер тенглик фаоли” миллий танловининг республика босқичида иштирок
этиб, “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол республика ташкилоти”
номинациясида ғолиб деб топилди. Апрель ойида 2025 йилда очиқлик бўйича ишлар
самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган “Очиқлик индекси”нинг
якуний натижаларига кўра, “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ 94,4 балл
билан энг юқори натижани қайд этиб, 1-ўринни эгаллади.
Ривожланишнинг асосий шарти
Кейинги йилларда
кон-металлургия саноати иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бири сифатида
жадал ривожланмоқда. Тармоқда самарадорликни ошириш, замонавий технологияларни
жорий этиш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда экологик барқарорликни
таъминлашда илм-фан ютуқлари ва илмий изланишлар ҳал қилувчи аҳамият касб
этяпти.
Кон-металлургияда илмий
изланишлар, аввало, қазиб олиш жараёнларини самарали ташкил этиш имконини
беради. Геологик тадқиқотлар орқали ер ости бойликларини аниқлаш ва баҳолаш
ишлари такомиллашиб бормоқда. Бу жараёнда геология фани муҳим ўрин тутади.
Замонавий геологик таҳлиллар ресурсларни тежаш ва ишлаб чиқариш харажатларини
камайтиришга хизмат қилади. Қазилма бойликларни қайта ишлаш жараёнида илғор
технологияларни қўллаш маҳсулот сифатини оширади. Масалан, автоматлаштириш ва
рақамлаштириш орқали ишлаб чиқаришда аниқлик ва самарадорлик таъминланади.
Кон-металлургия корхоналарида чиқиндиларни қайта ишлаш, зарарли газларни
камайтириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш муҳим вазифалардан. Бундай
корхоналарда илм ва изланишлар нафақат ишлаб чиқариш жараёнини
такомиллаштиради, балки иқтисодий ўсиш, экологик барқарорлик ва
рақобатбардошликка йўл очади.
Комбинат сингари йирик
ишлаб чиқариш корхоналари учун илмий изланишлар қилиш ривожланишнинг асосий
шартидир. Ишлаб чиқариш жараёнида турли муаммолар юзага келиши табиий ҳол. Аммо
уларни самарали ҳал қилиш айнан илм-фан ва таҳлилга таянади. Ушбу йўналишда
корхонамизда тизимли ва мақсадли ишлар қилинмоқда. Бугунги кунда комбинатда 10
нафар фан доктори ва 30 нафар фан номзоди фаолият юритмоқда ва улар ишлаб
чиқариш жараёнлари билан боғлиқ муаммолар бўйича илмий тадқиқотлар ўтказмоқда.
Айни пайтда корхонамизда
10 дан ортиқ мутахассис илмий ишларини ҳимоя қилиш арафасида турибди. Улар
орасида ёш мутахассислар кўплиги қувонарли. Бу келгусида илмий мактабларимиз
ривожи, инновацион ғоялар ва янги илмий йўналишлар шаклланиши учун мустаҳкам
замин яратади.
Комбинат ва ишлаб чиқариш
корхоналарида турли соҳаларда минглаб муҳандислар фаолият юритмоқда. Улар орасида
илмий изланишга мойил ва ишлаб чиқаришдаги муаммоларни ҳал этиш бўйича
индивидуал изланишлар қилаётганлар талайгина. Уларнинг илмий ҳамжиҳатлигини
янада ошириш мақсадида бугунги кунда комбинатда конструкторлар ва ёш
муҳандислар кенгашлари ташкил этилди. Ушбу кенгашларнинг асосий мақсади
корхонада ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар сифатини ва рақобатбардошлигини
оширишдан иборат. Шунингдек, ёшларимиз ишлаб чиқариш ва технологик жараёнларни
сунъий интеллект асосида такомиллаштириш, самарадорлик ва тежамкорликни
оширишга қаратилган илмий-инновацион таклифлар ҳамда рационализаторлик
ғояларини ўрганиш ва таҳлил қилиш орқали асосланган ечимлар ишлаб чиқиши кўзда
тутилган. Ишлаб чиқариш жараёнларида мавжуд муаммоли масалаларни кўриб чиқиш ва
уларга самарали ечимлар топиш каби вазифалар ҳам кенгаш аъзолари зиммасида.
Асосийси, ёш муҳандисларнинг изланишлари ва амалий фаолиятининг ўзаро
интеграцияси ҳамда ҳамкорлигини мустаҳкамлаш келажагимиз учун муҳим аҳамият
касб этади.
Биз ёшларга етарлича
эътибор қаратиб, зарур шарт-шароитларни яратиб берсак, уларнинг қалбида иштиёқ
ва салоҳият жонланади. Ёш муҳандисларимиз билим, изланиш ва инновацион ғоялари
билан нафақат катта натижаларга эришади, балки келажагимиз тараққиётига ҳам
муносиб ҳисса қўшади.
Давлатимиз раҳбарининг
жорий йилнинг 16 мартида Олмалиқда бўлган учрашувда ёшларга қарата “Ўқисин,
излансин, бундай корхоналарда ишлаб, ҳаётда муносиб ўрнини топсин” деган
даъвати комбинатда ишлаётган ҳар бир йигит-қизимиз қалбида акс садо берди,
десам айни ҳақиқат.
Зеро, бугун ёшлар таълим
олиши ва илмий тадқиқот билан шуғулланиши учун барча зарур имконият ва
шарт-шароитлар яратиляпти. Буни комбинат мисолида яққол кўришимиз мумкин. Ўтган
йилда 5- ва 7-гидрометаллургия заводлари, шунингдек, Навоий машинасозлик
заводи директори, бош муҳандиси ва қуюв цехи бошлиғи, Инновация маркази
раҳбари, марказий бошқармада эса транспорт бўлими бошлиғи долзарб масалаларга
бағишланган илмий тадқиқот ишларини муваффақиятли ҳимоя қилди. Уларнинг илмий
тадқиқотлари бевосита ишлаб чиқариш жараёнлари билан узвий боғлиқлиги ва ишлаб
чиқаришга жорий этилгани билан аҳамиятли. Ҳозир комбинатнинг 30 дан ортиқ
муҳандис ва мутахассиси геология, геотехнология, кончилик иши, фойдали
қазилмаларни бойитиш, гидрометаллургик жараёнларни такомиллаштириш, ахборот
технологиялари, энергетика,
материалшунослик, қуймачилик, шунингдек, металларга ишлов бериш ва
экология каби йўналишларда илмий тадқиқотлар қиляпти.
Навоий давлат кончилик ва
технологиялар университети кон-металлургия саноати учун юқори малакали мутахассислар
тайёрлашга ихтисослашган етакчи олий таълим муассасасидир. Университетда таълим
жараёни ишлаб чиқариш билан узвий интеграция қилинган бўлиб, бу талабаларнинг
назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаш, замонавий касбий кўникмаларни
шакллантиришга хизмат қилмоқда. Олий таълим муассасасида илмий тадқиқот
фаолиятини ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилган.
Саноат корхоналари билан
ўзаро ҳамкорлик асосида кон-металлургия соҳасининг долзарб илмий-амалий
муаммоларини ҳал этишга йўналтирилган тадқиқотлар тизимли равишда бажариляпти.
Профессор-ўқитувчилар таркибининг асосий қисми томонидан геотехнология, фойдали
қазилмаларни бойитиш, материалшунослик, энергетика каби йўналишларда илмий
изланишлар қилинмоқда. Ҳозирги кунда университетда 47 нафар фан доктори ва 175
нафар фан номзоди фаолият юритмоқда. Илмий даражага эга кадрлар сони юқорилиги
таълим ва илмий тадқиқотлар сифатини таъминлашда муҳим омилдир. Умумий илмий
салоҳият даражаси юқори, яъни 65 фоизни ташкил этаётгани мазкур олий ўқув юрти
кон-металлургия соҳаси учун рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий-инновацион
фаолиятни самарали амалга оширишда муҳим ўрин тутаётганини кўрсатади.
Кон-металлургия саноатида
илм-фан ва илмий изланишлар тармоқнинг самарали ва барқарор ривожланишида ҳал
қилувчи омил бўляпти. Замонавий технологиялар, ресурслардан оқилона фойдаланиш
ва экологик муаммоларни ҳал этиш айнан илмий ёндашув асосида таъминланмоқда.
Корхоналар ва таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик, малакали мутахассислар
тайёрлаш ва ёшларни илмга жалб этиш соҳа тараққиёти учун мустаҳкам замин
яратади.
Сунъий интеллект ва рақамлаштириш — давр талаби
Давлатимиз раҳбари
топшириғи асосида Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда Навоий
кон-металлургия комбинатида 2025-2030 йилларда сунъий интеллект
технологияларини жорий этиш ва стартап лойиҳаларни амалга ошириш “йўл харитаси”
тасдиқланди. Ҳужжат доирасида корхона фаолиятининг геология-қидирув, тоғ-кон
ишлари, рудани қайта ишлаш, саноат хавфсизлиги, ускуналарга техник хизмат
кўрсатиш ва энергия ресурсларини бошқариш каби асосий йўналишларини қамраб
олган 24 та сунъий интеллект ва стартап лойиҳасини амалга ошириш ишлари
бошланган.
Катта ҳажмдаги
маълумотларни қайта ишлаш ва юқори унумли ҳисоблаш инфратузилмаси
шакллантирилмоқда ҳамда кенг кўламли кадрлар тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.
Корхонанинг 2000 дан ортиқ мутахассиси сунъий интеллект технологиялари бўйича
ўқитилди.
Бугунги кунда сунъий
интеллектга асосланган биринчи ечимлар, жумладан, саноат хавфсизлиги
видеотаҳлили тизимлари, шахсий ҳимоя воситаларини тақишни назорат қилиш, карьер
техникаси ҳайдовчилари ҳолати мониторинги, шунингдек, кадрлар танлаш, харидлар
ва ҳужжатлар таҳлили учун сунъий интеллект ёрдамчилари — AI ассистентлар жорий
этилди.
Мурунтов конида
карьернинг рақамли моделларини яратиш ва автоматлаштирилган ишлаб чиқариш
назоратини таъминлайдиган учувчисиз учиш аппаратлари ва сунъий интеллект
технологияларидан фойдаланган ҳолда кон массасини қазиб олиш ҳажмини юқори
аниқликда ҳисоблаш тизимини жорий этиш бўйича тажриба лойиҳаси амалга оширилди.
2026 йилда кадрлар ва
харид жараёнларини автоматлаштириш учун сунъий интеллект тизимлари, меҳнатни
муҳофаза қилиш ва саноат хавфсизлиги бўйича таҳлилий тизимлар, карьер
техникасини назорат қилиш учун видеотаҳлилни ривожлантириш, чиқинди
омборларининг сунъий йўлдош геодинамик мониторинги, шунингдек, ускуналарга
башоратли хизмат кўрсатиш, энергия истеъмолини оптималлаштириш ва сув
ресурсларини бошқаришнинг интеллектуал тизимларини ўз ичига олган 10 та сунъий
интеллект лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.
Микросейсмик мониторинг
ва геодинамик хавфларни башорат қилишнинг интеллектуал алгоритмларини жорий
этишни назарда тутувчи “Хавфсиз рақамли шахта”, ишлаб чиқариш жараёнларини
бошқариш учун сунъий интеллект технологияларини қўллаган ҳолда янги авлод MES
тизимини жорий этишга қаратилган “СИ — Рақамли гидрометаллургия” лойиҳалари
асосий лойиҳалар ҳисобланади.
Ушбу лойиҳалар
кон-металлургия ишлаб чиқаришининг интеллектуал рақамли моделини шакллантириш,
руда қазиб олиш ва қайта ишлаш самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқариш
хатарларини камайтириш ва меҳнат унумдорлиги янада ўсишини таъминлаш имконини
беради.
Улуғвор вазифалар
Навоий
кон-металлургия комбинатида давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган, яқин
келажакдаги вазифаларни сўзсиз бажариш бўйича ишлар жадаллик билан давом
этмоқда. Жумладан, “Мурунтов конини ўзлаштириш. V навбати 2-босқичи” ва
“Нуқракон ва Космоначи конларидан кумуш маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш
мажмуасини қуриш”, “Қоқпатас ва Довғизтов олтин конларида маъдан қазиб олиш.
III-навбати” каби инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Зарафшон шаҳрида эса
“Олтин водий” маданият саройи капитал таъмирланиб, фойдаланишга топширилади.
Навоий кон-металлургия
комбинати жамоаси юксак масъулият, қатъий интизом ва ўзаро ҳамжиҳатлик асосида
самарали фаолият юритиб, замонавий технологияларни изчил жорий этиш ҳамда ишлаб
чиқариш қувватларини кенгайтириш орқали барқарор ривожланиш ва янги ютуқларга
эришиб келмоқда.
Ҳар йили май ойининг учинчи якшанбаси Ўзбекистонда кончилик ва металлургия ходимлари куни сифатида кенг нишонланади. Фурсатдан фойдаланиб, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги тизимида фаолият юритаётган Олмалиқ кон-металлургия комбинати, Ўзбекистон металлургия комбинати ҳамда барча ҳамкор ташкилотлар жамоаларини касб байрами билан самимий муборакбод этамиз.
Қувондиқ САНАҚУЛОВ,
“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ бошқаруви раиси — бош директори